Собиқ танкчи университетда 50 йил дарс берди

Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан ғалаба қозонилганига 76 йил тўлди. Бугунги тинч-осойишта ҳаётимиз, эл-юрт фаровонлиги учун лозим бўлса ширин жонини аямаган ватандошларимиз борки, бундай инсонлар жасорати ва мардонаворлиги олдида ҳамиша бош эгамиз. Улар ҳаёт бўлса ардоқлаб, марҳумлари ёдини доимо қалбда сақлаймиз. Ана шундай қадрли инсонлардан бири, устозимиз Рашид Раҳмонов эди.
Р.Раҳмонов 1924 йилда Тожикистон Республикаси, Хўжанд шаҳрида туғилган. У Иккинчи жаҳон уруши йилларида минглаб ватандошларимиз қатори жангга отланган ва ёш сафдошлари билан бирга фашистларга қарши жанг қилган.
Уруш йилларида жуда кўп азоб-уқубатларни енгиб ўтиб, фашистлар томонидан босиб олинган ҳудудларни озод қилишда мардонавор жанг қилган. Рашид Раҳмонов уруш йилларида танкчилар батальонида хизмат қилган ва кейинчалик ўзи ҳам танкчи бўлиб, шиддатли жангларда иштирок этган. Хусусан, Курск учун кечган урушда қаҳрамонларча жанг олиб бориб, яраланган.
Урушдан қайтгач, СамДУ физика-математика факультетига ўқишга кирди ва ҳаёти талабалик давридан бошлаб Самарқанд давлат университети билан боғланди.
Рашид Раҳмонов ўқиш даврида тиришқоқлиги ва меҳнатсеварлиги билан ўқитувчилар ҳурматини қозониб, университетга ишга қабул қилинган. Устоз кўп йиллар давомида бир синф интегро-дифференциал тенгламалар ва Гаммерштейн типдаги интеграл тенгламаларнинг махсус ечимларини топиш билан шуғулланган ва шу соҳа бўйича республиканинг етук олимларидан бирига айланган эди. Доцент Рашид Раҳмонов ўзининг 50 йиллик педагогик фаолияти давомида қарийб 15 йил “Олий математика” кафедраси мудири, механика-математика факультети ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари лавозимларида меҳнат қилган.
Устоз факультетда ўқув жараёнини самарали ташкил этишда, ёш мутахассисларни ишга қабул қилишда ҳамиша жонбозлик кўрсатган эди. Ўша пайтда устознинг фидойилиги, сайъ-ҳаракати натижасида ишга олиб қолинган кўплаб билимли, иқтидорли ёшлар бугун факультетнинг етакчи олимларига айланишган.
Физика-математика фанлари номзоди, доцент Рашид Раҳмонов механика-математика факультетининг олий математика ва дифференциал тенгламалар кафедрасида 2008 йилгача, яъни 80 ёшигача меҳнат қилди. Ҳаётлигида ҳамиша шогирдларининг ардоғида бўлди. Устоз университетда ўтган умри давомида ўз вазифасига содиқлиги, барча вазифаларни сидқидилдан бажариши, ҳақгўйлиги ва инсоний фазилатлари билан ажралиб турар эди. Илм йўлида у кишидаги чидамни, дарс бериш усулларини, раҳбарлик санъатини эгаллаган шогирдлар бугун кўпчиликни ташкил этади.
Рашид Раҳмонов урушдаги хизматлари учун бир қатор орден ва медаллар билан тақдирланганди. У 2019 йилда 95 ёшида вафот этди.
Устозимиз Рашид Раҳмонов номи доим қалбимизда, у кишининг мардонавор сиймоси олдида доимо таъзимдамиз.
Акрам Бегматов,
математика факультети декани, профессор.