Соғлиқни сақлаш вазирлигида 40 фоиз ходим ишдан бўшатилиши қонунийми?
Кеча ССВ ходимларининг 40 фоизини ишдан бўшатиб, уларга шифохоналарда ишлаш таклифини билдиргани ҳақида хабар эълон қилинган эди.
Бу ҳақда @yuristkadr канали админи ўз фикрлари маълум қилган.
Унга кўра, ўша 40 фоиз ходимлар ҳақиқатан ҳам айбли ёки интизомга хилоф равишда ҳаракат қилган бўлганларида, улар билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 3 ёки 4-банди билан, яъни меҳнат вазифаларини бажармаганлиги сабаби билан бекор қилинар эди.
Лекин ходимларни бу асос билан ишдан бўшатиш осон эмас, бунга бир ёки икки кун етмаслиги аниқ, сабаби, ўртада камчиликларни аниқлаштириш, ходимлардан ёзма тушунтиришлар олиш, касаба уюшмаси розилигини олиш ва ходимларни 3 кун олдин огоҳлантириш, деган процедуралар бор.
Демак, бу ходимлар иш берувчининг ташаббуси билан – Меҳнат кодекси 100-модда билан ишдан бўшатилмагани, аксинча, улар “ўз аризаси” билан ишдан бўшатилганлиги янада ойдинлашмоқда.
Материалда, шунингдек, қуйидаги фикрлар келтирилган: "Биз доим айтиб келамиз, ходимларнинг аризасига асосан ишдан бўшатишда, ариза ўша ходимларнинг ўзлари томонидан, ихтиёрий равишда ва уларнинг хоҳиш-истаклари асосида берилади. Иш берувчи томонидан мажбуран ариза олиб ишдан бўшатиш, ҳар қанақасига ҳам ноқонуний бўлади ва судда бундай буйруқлар албатта “синади”.
Шунга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратидаги бугунги ишдан бўшатишлар масаласида қарши позициямиз янада тиниқлашди.
Беҳзод Мусаев тизимдаги “тозалаш” ишларига қаттиқ бел боғлагани ҳақиқатдир. Лекин вазир ҳар қандай ҳолатда ҳам Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлат эканлигини, меҳнат ҳуқуқлари доимо қонун ҳимоясида бўлишини, ҳеч қандай амалдор қонунлардан устун бўла олмаслигини унутмаслиги керак эди."
Унда яна "Масалан, аҳолидан келаётган шикоятларга, марказий аппаратда ишлайдиган фаррошлар ёки бошқа техник ходимларнинг нима алоқаси бор, улар нима учун бўшатилиши керак?", дея савол қўйилган.