Метаболизм нима ва уни қандай қилиб тезлаштириш мумкин?
Инсон организмидаги моддалар алмашинуви метаболизм деб аталади. У иккита асосий жараённи ўз ичига олади – катаболизм ва анаболизм. Моддалар алмашинуви озиқ-овқатни танадаги барча жараёнлар учун зарур бўлган энергияга айлантириб, организм нормал ишлашини таъминлайди.
Метаболизм қатор муҳим функцияларни бажаради, шу жумладан ҳужайралар, тўқималар, органларнинг ўсиши ва тикланишини таъминлайди, организмдан токсинлар чиқиб кетишига ёрдам беради, тана ҳароратини меъёрида ушлаб туради.
Метаболизм тезлигига ирсият, ёш, жинс, мушак массаси каби омиллар таъсир кўрсатади.
Метаболизм тез бўлишининг афзалликлари нимада?
Тез метаболизм инсон ўзини янада тетик ҳис қилиши, юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтириш, мия фаолиятини яхшилаш, иммунитетни мустаҳкамлаш, тери ва сочлар соғлом бўлишига ёрдам беради.
Моддалар алмашинувини тезлаштириш учун инсон турмуш тарзини ўзгартириши керак.
Метаболизмни қандай тезлаштириш мумкин?
Бунинг учун инсон, биринчи навбатда, турмуш тарзини ўзгартириши зарур. Бунда бир қанча қоидаларга амал қилиш тавсия этилади:
Мунтазам спорт билан шуғулланиш. Жисмоний фаоллик мушак массасини оширишга, бу эса, ўз навбатида метаболизм тезлашишига ёрдам беради.
Тўғри овқатланиш. Кўпроқ оқсил ва клетчаткага бой маҳсулотларни истеъмол қилиш, рационда шакар, туз ва зарарли ёғларни камайтириш, зарур миқдорда сув ичиш.
Тўғри ва етарлича ухлаш. Мунтазам равишда 7-8 соатдан кам ухлаш моддалар алмашинувини секинлаштириши мумкин.
Зарарли одатлардан воз кечиш. Чекиш, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш организм заҳарланиши ва бунинг натижасида метаболизм жараёни суст кечишига олиб келади, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.