«Соғлом одамга хайрия олиш гуноҳдир» ёхуд «Кўрдингми – текин, уравер секин»ми?

Маҳалламиз чойхонаси ёнидаги майдончада саховатпеша бир тадбиркор келтирган ноз-неъмат-у озиқ-овқатларни тарқатишарди.
Улкан «борт»ли машина атрофида навбатда турган одамлар ғиж-ғиж. Улар орасида маҳалламизнинг димоғдор, қоринлари мешдек таранг «акатўра»ларгача кўмак олиш ниятида ичига ўн пуд бозорлиқ сиғадиган ҳайбатли сумкаларни кўтариб олган.
Буларга нима етмаяпти экан? Ахир бу кўмак маҳалламиздаги кам таъминланган оилалар, бемор, ногирон, бева-бечораларга қилинаётган саховат, эътибор, кўмак-ку?!
Бу тўраларда нима йўқ?! Ҳиқи тўлиб-тошсаям одамзод ҳеч тўймас экан-да.
«Инсоний ебтўймаслик, очкўзликни маҳв этиш амримаҳол». Ҳадисда айтилган гап, ҳикмат бу! Аммо, орият, ғурур, номус, виждон-чи?
Қаранг, «мечкай тўралар» ҳам гўёки одатий бир ҳолдек ҳазил-ҳузул билан ҳамма қатори ўз улушларини олиб кетишяпти хотиржамгина.
…Шу хил «саховат байрами» томошасидан қайтишимда маҳалламиздаги меҳнаткаш, ҳалол одам ҳисобланган Ҳикмат акани кўриб қолдим. Ҳалиям соғлом, забардаст! У киши хусусида маҳаллада ҳазил юради: «Ҳикмат ишни эмас, иш Ҳикматни излайди, чунки у қалби тоза, ҳалол, меҳнаткаш одам, қўлидан ҳамма иш келади».
Мана одамнинг гули! Аммо, мен ҳозир унинг ҳам қўлида қора «корзинка» кўрдим. Яна ҳафсалам пир бўлди.
- Ҳа, Ҳикмат ака, йўл бўлсин?
- Э, дўхтир, янгангиз ҳол-жонимга қўймади. Улушимизни олиб келяпман, элга берилаётган тўёнада бу!
- Тўёнами ёки бева-бечорага Худо бераётган ризқу насибами? Ҳалол одам эдингиз-ку?!
- Э, дўхтир, қизиқсиз, элдан ажралиб шоҳ бўлгунча, элга қўшилиб гадо бўл», деган гап бор-а! Олдингизми сиз ҳам ҳақингизни, дўхтир?
- Ҳаққим… Ҳаққим нима қилади? Бева-бечоранинг ризқида. Худога шукр, соғломман, кучлиман, ҳалол ризқимни топиб ея оламан. Нақшбанд ҳазратлари уқтирганларидек, «Соғлом одамнинг хайрия олиши жоиз эмас, бу – гуноҳдир».
Муродим Умрзоқов,
шифокор.