Сўқир дилга зиё керак

Кимга молу дунё керакдир,
Кимга дину тақво керакдир.
Қувган-қочган зорланар бирдай,
Ҳар кимга ҳам Худо керакдир.

Ҳаромхўрга рибо керакдир,
Муттаҳамга риё керакдир.
Соддагина бўлиб ўйлайман -
Сўқир дилга зиё керакдир.

Зорга бахтдан садо керакдир,
Бахтлиларга сато керакдир.
Қоқилмоғинг кутганлар йўқмас,
Кимга сендан хато керакдир.

Улусга жонфидо керакдир,
Кўнгилдан чин нидо керакдир.
Ай яхшилар, Бобурга сиздан -
Бир хайрли дуо керакдир!

Бобур БОБОМУРОД.
2019 йил 28 ноябрь.