Спорт хабарлари

Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида Самарқанд  вилоят бошқарма, идора ва ташкилотларнинг ходимлари ўртасида мини футбол бўйича “Дўстлик спартакиадаси” спорт мусобақаси ўтказилди.

Мусобақа якунига кўра, Самарқанд давлат чет тиллар институти футбол жамоаси биринчи, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси иккинчи, вилоят давлат солиқ бошқармаси учинчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ходимлари ҳамда таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилот етакчилари ўртасида мини футбол, волейбол бўйича мусобақа бўлиб ўтди. Якунда мини футбол бўйича Иштихон туман кенгаши жамоаси, волейбол мусобақасида эса ёшлар иттифоқининг Самарқанд шаҳар кенгаши жамоаси биринчи ўринга лойиқ деб топилди.   

 

Югуриш

Самарқанд шаҳридаги 2-сон болалар-ўсмирлар спорт мактабида халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган ўқитувчи-педагоглар ўртасида узоқ ва қисқа масофага югуриш бўйича мусобақа ўтказилди.

Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмалари шаҳар кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган мусобақада 200 га яқин иштирокчи 60, 100, 400, 800 метр масофага югуриш бўйича беллашди.  

Мусобақа якунида З.Хидирова, С.Эшқувватов, Н.Суярова, С.Маҳмудова, С.Алексеев маррага биринчи бўлиб етиб келди ва ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Дилфуза МЎМИНОВА.

***

Жет куне до

Яқинда Таиланднинг Паттая шаҳрида жет куне до бўйича Осиё кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.

 Нуфузли мусобақада 91+ килограмм вазн тоифасида каттақўрғонлик Фурқат Актамов олтин медални қўлга киритди.

Ҳусан Элтоев.