Сталинни Ленинград қамали қурбонлари учун айблаб чиқишди

"Русский Букер" мукофотининг лауреати, россиялик ёзувчи-адиба Елена Чижова Сталинни Ленинград қамали учун айблаб чиқди.

Унинг сўзларига кўра, "Агар Сталин хоҳлаганида бу қамал 1942 йилдаёқ тўхтар эди. Аммо, Сталин немисларга имконият бериб қамални узайишига ҳисса қўшган.  

Адиба Сталинга нисбатан гапирган бу айбловларини Швейцариянинг нуфузли "Neue Zurcher Zeitung" нашрига берган интервьюсида гапирган.

Унинг фикрича, Гитлер Ленинградни катта ҳарбий йўқотишлар билан босиб олишдан кўра шаҳар аҳлини қамал қилиб очдан ўлдириб, сўнг эгалламоқчи бўлган. Қамалда немисларнинг унча катта бўлмаган қўшини қатнашган. Сталин эса ҳаммасини билар эди ва унда ҳеч бўлмаганда 1942 йилдаёқ қамалдагиларни озод қилиш имконияти бор эди. У эса қамалдагиларни озод қилиш ўрнига, жанубий фронтларга катта куч ташлаб, ленинградликларнинг узоқроқ муддатга қамалда қолиб кетишларига сабаб бўлган.

Сталин доим "Ленинград шаҳри аҳолиси инқилоб даврларидан бери мустақил бўлишни хоҳлаб келган ва буни қўллаб-қувватлаган" деб ҳисоблагани учун шаҳарни қамалдан қутқаришга шошилмаган.

"Мен тарихчи эмасман, майли тарихчилар изланиб, суриштириб кўришар, аммо ўшанда Сталин истаганида Ленинград қамалидаги юз минглаб одамларни очликдан асраб қола оларди. У эса буни шунчаки хоҳламаган", дейди Чижова.