Субсидиялар ажратиш ваколати маҳаллага ўтади
Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги 209-сон фармони билан жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратишда бюрократиядан холи ва маҳалланинг ҳамжиҳатлигини акс эттирувчи янги тартиб жорий этилмоқда.
Унга асосан:
- жисмоний шахсларни дафтарларга киритиш, шунингдек, дафтарлар ҳамда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори асосида амалга оширилади;
- ҳар ойнинг 5-санасига қадар дафтарлар учун маблағларни тақсимловчи масъул ташкилотлар томонидан жамғармаларда шаклланган маблағлар дафтарларга киритилган фуқаролар сонига мутаносиб равишда тегишлилиги бўйича ҳар бир маҳалла кесимида тақсимланади;
- ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва ижтимоий ходим уларга юклатилган вазифалар юзасидан жисмоний шахсларни тегишли дафтарларга киритиш ва чиқариш ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш бўйича ҳужжатларни шакллантириб, “маҳалла еттилиги”нинг бошқа барча аъзоларига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритади;
- “Темир дафтар” ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан юритилади. Бунда “маҳалла еттилиги”нинг фаолияти асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича алоҳида баҳоланиши белгиланган. Мазкур кўрсаткичлар ходимларнинг иш берувчилари томонидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.