Субсидияни “жиғилдони”га урганлар аниқланди
Бугунги шароитда давлатимиз турли соҳа ва тармоқларни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари, аҳоли ва деҳқон, фермерларни қўллаб-қувватлаш, уларга моддий ёрдам бериш мақсадида субсидиялаш тизимини йўлга қўйган.
Бундан мақсад – иқтисодий имконияти яхши бўлмаган аҳоли қатлами ҳаётини, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини йўлга қўйиб олишига кўмаклашиш.
Афсуски, давлатнинг ана шу кўмагидан шахсий манфаати йўлида фойдаланишни кўзлаган нафс бандалари ҳам учраб турибдики, бу бутун давлат ва жамият тараққиётига тўсиқ бўлмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан Президентимизнинг 2019 йил 25 октябрдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан 2022 йилда Самарқанд вилоятидаги фермер хўжаликларига ажратилган субсидия маблағларининг мақсадли ишлатилиши юзасидан ўтказилган текширув тадбирларида шу каби ҳолатлар аниқланди.
Хусусан, Нарпай, Пахтачи ҳамда Булунғур туманидаги субсидия ажратиш бўйича ишчи гуруҳ мансабдор шахслари ҳамда мазкур туманлардаги фермер хўжаликлари раҳбарлари ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда қарор бандларини қўпол равишда бузиб, 2 миллиард 608 миллион сўмлик субсидия маблағларини ўзлаштириб юборганлиги маълум бўлди.
Жумладан, субсидия ажратиш бўйича Нарпай тумани ишчи гуруҳи мансабдор шахслари амалда томчилаб суғориш тизими жорий этмаган 35 та фермер хўжалигига 1 миллиард 325 миллион сўм ҳамда сув тежовчи технология мавжуд бўлса-да ундан амалда фойдаланмаган 7 та фермер хўжалигига 321 миллион сўмлик субсидия ажратиб бериш орқали, жами 1 миллиард 646 миллион сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштирган.
Пахтачи туман субсидия ажратиш бўйича ишчи гуруҳ мансабдор шахслари ҳам нарпайлик ҳамкасблари каби иш тутган. Улар тумандаги фермер хўжаликлари раҳбарлари билан тил бириктирган ҳолда юқорида қайд этилган қарорнинг 4-банди талабларини қўпол равишда бузиб, амалда томчилаб суғориш тизими жорий этмаган 25 та фермер хўжалигига 727 миллион сўмлик субсидия маблағларини ажратиб бериш орқали ўзлаштириб юборган.
Субсидия ажратиш бўйича Булунғур тумани ишчи гуруҳи ҳам амалда сув тежовчи технологияларни жорий этмаган 9 та фермер хўжалигига 235 миллион сўм субсидия маблағларини ўтказиб, талон-торож қилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан субсидия ажратиш бўйича туманлар ишчи гуруҳи мансабдор шахслари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбар шахсларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов харакатлари олиб борилмоқда.