Суд мустақиллиги ва шаффофлигини ошириш халқни рози қилишга хизмат қилади
Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жадал, изчиллик билан олиб борилмоқда. Шу йил 21 августда Президентимиз суд фаолиятига оид иккита муҳим фармонни имзолади. Бу фармонлар суд тизимида чинакам янги даврни бошлаб берди.
24 ноябрь куни Президентимиз яна бир муҳим фармонга имзо чекдилар. “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қатор муҳим масалаларни қамраб олган.
Мамлакатимизда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини тубдан ошириш, очиқ ва шаффоф тартиб-таомиллар асосида суд органларини малакали кадрлар билан тўлдириш, аҳолининг суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқини самарали таъминлаш, суд мустақиллиги кафолатларини кучайтириш мақсадида, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ қарор қабул қилинган ушбу Фармон ҳам тарихий аҳамиятга эга.
Фармонни номланишидаёқ 3 та устивор вазифа белгиланган: Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги, очиқлигини ошириш, суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш. Фармон ана шу учта мақсадни амалга ошириш учун аниқ вазифаларни белгилаб берган.
Судьялар корпусини шакллантириш тартибини такомиллаштириб, судьялар ҳамжамияти органлари роли оширилади. Очиқлик таъминланиб, судьяликка номзодларни танлашнинг шаффоф тартиби жорий этилади.
Илгари судьялар беш йиллик муддатга тайинланарди. Бир ёки икки муддат ишлаган тажрибали судьялар ҳам қайсидир хатоси учун кейинги муддатга ўта олмаслиги мумкин эди. Шу тариқа кўплаб тажрибали, билимли, энг муҳими тўлақонли шаклланган судьялар тизимдан чиқиб кетарди. Бу эса кадрлар қўнимсизлигига сабаб бўлиб, судьялар корпусининг салоҳиятига салбий таъсир кўрсатарди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг кейинги босқичида аввал беш йиллик, кейин ўн йил, ундан кейин муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) жорий қилинди. Бу амалиёт ўзини тўлиқ оқлади. Энди янада мукаммал босқичга ўтишнинг вақти келди. Судьяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлаш (сайлаш) тартиби бекор қилиниб, судьялик лавозимларига номзодларни дастлаб беш йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби белгиланди.
Шу соҳанинг фахрийси сифатида айтишим мумкинки, беш йиллик муддатда судьянинг кимлиги, салоҳияти аниқ бўлади. Уларнинг кўпчилиги шу муддат якунига етмаслиги ҳам мумкин.
Лекин билимли, ўз устида доимо ишлайдиган, ҳалол ва адолатли судьяларни муддатсиз даврга тайинлаш уларнинг севган касбига фидойилиги ва садоқатини оширади.
Туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига судьялар орасида очиқ танлов асосида танланиши жуда муҳим янгилик, деб биламан. Кўп йиллар вилоят суди раиси лавозимида ишлаган инсон сифатида айта оламанки, судья ўз ишини пухта билимдони бўлиши мумкин, лекин унда раҳбарлик қобилияти бўлмаслиги мумкин. Баъзида ана шундай судьяларнинг суд раиси бўлиб қолиши ишимизга салбий таъсир қилгани бор гап. Туман-шаҳар судларига очиқ танлов асосида ташкилотчи, шижоатли, лидерлик қобилиятига эга судьялар танланса, нур устига аъло нур бўлади.
Судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонларини қонун даражасида белгиланиши ҳам таҳсинга лойиқ.
Судьялар олий кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига камида 7 йил ишлаган судьялар номзоди кўрсатилиши фақат ва фақат Кенгашнинг нуфузини оширишга ҳисса қўшади.
Айниқса, Кенгашнинг доимий таркибига Олий суддан икки нафар, вилоят даражасидаги судлардан етти нафар, туманлараро, туман, шаҳар судларидан тўрт нафар судья киритилиши турли даражадаги судлар манфаати ва тажрибаси тенг иштирок этишини таъминлайди.
Фармон билан Кенгаш раисига қўшимча ваколатлар берилди. Агар интизомий иш асоссиз тугатилган ёки жазо нотўғри қўлланган деб топилса, у малака ҳайъати қарорларини қайта кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин. Шунингдек, Кенгашнинг тузилмаси ва штат жадвалини белгиланган штат бирликлари доирасида мустақил тасдиқлайди.
Судьялар олий кенгашининг расмий веб-сайтида суд тизимида мавжуд бўш раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига оид маълумотлар ҳамда номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш бўйича барча босқичларга оид маълумотлар эълон қилиб бориши очиқлик даражасини ошириш йўлида дадил қадамлардир.
Фармонда менга жуда ёққан жойи - судьялар ва суд ходимлари кунини белгилаш бўлди. Ҳамма касбдагиларнинг байрами бор, негадир суд органлари куни йўқ эди. Суд тизими вакиллари Конституция кунини рамзий байрам сифатида нишонлардик. Энди ўзимизнинг ҳам кунимиз, ўз байрамимиз бўлади.
Судьяга нисбатан интизомий иш кўриб чиқишда унинг ҳимояга бўлган ҳуқуқини тақдим этиш, интизомий жазо сифатида қуйи судьялик лавозимига ўтказиш чорасини жорий этиш, интизомий жазо амалда бўлган вақтда юқори судьялик лавозимига тавсия этилмаслик масалалари кўп саволларга ечим топади ва амалиётдаги бўшлиқни тартибга солади.
Судьялар корпусида гендер тенгликни таъминлаш, Одил судлов академиясида хотин-қизлар учун квота белгилаш, Ўзбекистон аёл судьялар ассоциациясини ташкил этиш аёл судьялар кўпайиши учун аниқ чора-тадбирлардир.
Академияда таълим жараёни устоз-шогирд анъанаси асосида йўлга қўйилди. Устоз-шогирдлик масаласи ҳар қандай замон ва маконда ўзини тўла оқлаган. Устоз кўрган шогирдлар ўз касбини тезроқ, осонроқ ва теранроқ ўрганади, нисбатан камроқ хато қилади.
Катта меҳнат тажрибасига ҳамда илмий салоҳиятга эга судьялар Одил судлов академиясига профессор-ўқитувчи лавозимига тайинланганда, Академиядаги фаолияти тугагандан сўнг унинг муқаддам ишлаган судьялик лавозимида ишни давом эттириши ёки аввалгисига тенг бошқа судьялик лавозимига ўтказилиши адолатли ечим бўлди. Мазкур Фармон фақат яхшиликка, одил судловни ошириш орқали халқни рози қилишга хизмат қилади.
Зоир АЛИЕВ,
суд фахрийси.