Суд органларида тарафлар, айниқса прокурор ва адвокатлар тенглиги таъминланган

Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тоҳир Қодиров билан «Zarnews.uz» мухбири Ё.Марқаевнинг суҳбатида суд-ҳуқуқ тизимидаги энг катта муаммо сифатида суд биносига кириб чиқишда адвокат билан прокурорнинг тенг эмаслигига эътибор қаратилган. Бунинг мисоли сифатида “адвокат суд мажлисини кутиб қолади, прокурор эса суд биносига эмин-эркин кириб чиқади”, дея иддао қилинади.

Вилоят, туман-шаҳар, туманлараро суд биноларида прокурор ва адвокатлар учун махсус хоналар мавжуд ва ишлаб турибди. ОАВ вакиллари иштирокида ташкил этилган пресс-турлар давомида бу хоналар, улардаги шарт-шароитлар билан таништирилган.

Бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида суд органлари учун тарафлар, айниқса прокурор ва адвокатлар тенглиги таъминланган. Бу масалада ҳам бирор-бир адвокатдан эътироз тушган эмас. Аксинча, адвокат кечикиши сабабли суд мажлислари бошланмай судьялар, тарафлар кутиб қолган ҳолатлар, ҳаттоки адвокат келмаганлиги сабабли суд мажлислари қолдирилганлигига мисоллар келтириш мумкин.

Адвокатнинг суд мажлисини ташқарида кутиб қолиши ва прокурорнинг эмин-эркин суд биносига кириб кетиши масаласини оддийгина изоҳлаш керак. Адвокат ўзи иштирок этаётган муайян иш бўйича суд мажлисида иштирок этиш учун келади. Ва ўша суд мажлиси бошланишини кутади. Бу табиий ҳол. Шундай бўлса-да, адвокатларнинг суд маъмурий биносига муайян иш бўйича эркин кириб чиқишига ҳеч қандай монеълик йўқ.

Прокурор эса битта иш бўйича келмайди. Прокуратура органлари томонидан тайёрланган давлат айбловини эълон қилиш, судларда прокурор ваколатини таъминлаш учун бир кунда бир нечта ишда иштирок этиши мумкин. Демак, бир суд мажлисидан чиқиб, ўзига ажратилган махсус хонага киради ва навбатдаги суд мажлисига тайёргарлик кўради.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонунларга, суд органларига ишончини ошириш борасида кенг қамровли саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётган бир пайтда ОАВ билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Халқимизга суд органлари фаолияти ҳақида тўғри, холис маълумот ва муносабатларни етказишда амалий ёрдам бераётган «Zarnews.uz» веб-сайтига миннатдорчилик билдирамиз.

Вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.