Муаммо адвокатда эмас, суд-ҳуқуқ тизимида. Ёки прокурорнинг суд биносига бемалол кириб-чиқишини чеклаш керак эмасми?

Ҳар қандай одам бирор кўнгилсизликка дуч келганда, ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Аммо айрим ҳолатлар борки, бунда табиийки, малакали ҳуқуқий ёрдамга эҳтиёж сезилади.

Шу маънода, адвокатура, жумладан, адвокатнинг ўрни, хизмати жамият ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Бироқ табиий савол туғилади, бугун Самарқандда мазкур институтнинг роли қандай бўляпти? Соҳа ривожида қандай муаммолар бор?

Мазкур саволлар билан Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тоҳир Қодировга мурожаат қилдик.

- Тоҳир ака, амалдаги тартибга кўра, адвокатлик лицензия талаб қилинувчи фаолият турларидан бири ҳисобланади. Аввало, лицензия ким томонидан ва қай тартибда берилиши ҳақида айтиб ўтсангиз.

- Тегишли қонун ҳужжатларига асосан адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Адлия бошқармалари томонидан Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссияларининг қарори асосида берилади.

Лицензия олиб, адвокат мақомига эга бўлиш учун талабгор шахс юридик мутахассислик бўйича камида икки йил иш стажига эга бўлиши, шу жумладан, адвокатлик тузилмаларининг бирида камида уч ой стажировка ўтаган ҳамда малака имтиҳонини топширган бўлиши шарт.

Малака имтиҳонини муваффақиятли топширган шахс лицензия олиш учун адлия органига малака имтиҳони топширгандан кейин уч ой ичида мурожаат қилиши белгиланган.

- Назаримда, Самарқанд вилоятида ўткир, ўз ишининг устаси бўлган адвокатлар кам деб ўйлайман. Бошқача айтганда, соҳа вакилларининг жамиятдаги ўрни сезиларни даражада ўзгармаяпти. Бунга мисолни биргина адвокатларнинг сони ўсмаётганлигидан ҳам кўриш мумкин.

- Фикрингизга қўшилмайман. Чунки вилоятимизда ўз ишининг устаси, ўткир, юқори касб маҳоратига эга бўлган ҳамда бир қанча жиноят ишларида қатнашиб, оқлов ҳукмлари чиқарилишига эришган, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ишлардаги яхши ютуқлари билан обрў-эътибор қозонган кўплаб адвокатлар хизмат қилмоқда.

Мисол учун, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган адвокатларнинг 65 фоизи аввал бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият кўрсатган. Яъни, ишонч билан айта оламанки, адвокатларимизнинг катта қисми тажрибали ва билимли ҳуқуқшунослар.

Бундан ташқари, адвокатларимиз сафи олдинги йилларга қараганда сезиларли даражада кенгайди. Чунки ўтган йили вилоятимизда 70 нафар талабгор малака имтиҳонини топшириб, адвокат мақомига эга бўлди. Аҳамиятлиси, улардан 60 нафари илгари тергов, суд, прокуратура, божхона соҳаларида ишлаган, катта юридик билим ва тажрибага эга кишилардир.

Ўтган йили республикамизда фаолият кўрсатаётган 4800 нафар адвокат орасида ягона - Самарқанд шаҳар “Темирйўл” адвокатлар ҳайъатининг адвокати Муҳаббат Абдураҳмонова Президентимиз фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани ҳам вилоятимизда адвокатуранинг нуфузини кўрсатиб турибди.

Аслида, кейинги пайтда адвокатлар етишмайди, деган масала кўтарилиб қолди. Ҳақиқатан ҳам аҳоли жон бошига қиёслаганда, адвокатлар жуда кам. Масалан, бугунги кунда вилоятимизда мавжуд 15 та адвокат ҳайъати, 27 та адвокатлик фирмаси, 46 та адвокатлик бюросида 420 нафардан кўпроқ адвокат (шундан 105 нафари аёл) фаолият олиб бормоқда. Лекин бу адвокатлар етишмаяпти, деган хулосани келтириб чиқармайди.

- Хўш, сизнингча, асл муаммо нимада?

- Конституциямизда малакали ҳимоя кафолатланган, уни амалга ошириш эса адвокатура зиммасига юклатилган. Малакали ҳимояни амалга ошириш учун, табиийки, адвокатлар ўртасида соғлом рақобат муҳити яратилиши керак. Бунинг учун соҳага ёш, билимли кадрлар кириб келишига кенг имкониятлар яратиш лозим. Бизда эса ёш адвокатларнинг касбга кириб келишига қонун билан тўсиқ қўйилган.

Вилоятимизда 30 ёшгача бўлган адвокатлар 2 нафар, 70 ёшдан ошган адвокатлар эса 18 нафар эканлиги ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Умидлантирадиган жиҳат шуки, адвокатурадаги айрим муаммоларни тизимли ҳал қилиш мақсадида соҳанинг жозибадорлигини ошириш ва адвокатлик касбини эгаллаш механизмини енгиллаштириш борасида ислоҳотлар бошланган. Мисол учун, иш стажига бўлган талабларни юмшатиш, ортиқча қоғозбозлик, лицензия бериш тизимини такомиллаштириш каби масалалар тегишли тартибда кўриб чиқиляпти. Бундан ташқари, жорий йил давлат дастурида ҳам адвокатура тизимини ривожлантириш, унинг процессуал мақомини кучайтириш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ролини ошириш масалалари белгиланган.

(Давоми бор)