Адвокатура ривожида тўсиқ бўлаётган, ечими ҳудудий бошқарув органлари билан боғлиқ муаммолар бор
Бу ҳақда Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тоҳир Қодиров фикри қандай?
- Дарҳақиқат, шундай. Мисол учун, тажрибали ва юқори малакага эга адвокатлар ўзлари яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинида бепул хизмат кўрсатиш учун шартнома имзолаб, шанба ва якшанба кунлари аҳолига қулай пайтда оғзаки маслаҳатлар бериб келмоқда, - дейди Т.Қодиров. - Лекин айрим маҳалла фуқаролар йиғинлари талаб даражасидаги бино ва иншоотларга эга эмас. Аксарият маҳаллалар хусусий секторга тегишли ёки мослаштирилган бинода ўзлари қийинчилик билан фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ҳудудий бошқарма томонидан туман ва шаҳар ҳокимликларига адвокатлик тузилмалари иш юритиши учун шароит яратиш, ер майдонлари ажратиш масаласида бир неча марта мурожаат қилганмиз. Афсуски, бу ҳеч қандай натижа бергани йўқ. Ваҳоланки, Президентнинг 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан адвокатлик тузилмаларига ер ажратиш, бино ва иншоотлар билан таъминлаш масаласи алоҳида белгиланган эди.
- Жорий йилда муайян адвокатлик хизматини кўрсатганлик учун бюджетдан пул ажратиш режалаштирилган. Бу янгилик жорий қилинишига нима сабаб бўлди?
- Аслида адвокатлик хизмати учун бюджетдан пул ажратилиши янгилик эмас. Чунки шу пайтгача ҳар йили ҳам адвокатлар хизмати учун айрим тоифадаги ишларда қатнашганлиги учун давлат бюджетининг харажатлари параметрларида маблағлар ажратилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 июндаги “Адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан ҳақ тўлаш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва унга кейинчалик киритилган ўзгартиришларда бу борада аниқ нормалар белгиланган.
Суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори, суднинг ажрими билан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига адвокат томонидан юридик ёрдам кўрсатиш бўйича харажатлар давлат ҳисобига ўтказилади (лекин фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларда адвокатлар қатнашганлиги учун давлат ҳисобидан маблағ тўланиши кўзда тутилмаган).
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларда ҳам қатнашганликлари учун адвокатлар хизматига тегишли суднинг ажримига асосан харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қопланиши тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди.
- Ислоҳотлар ҳақида анча ижобий фикрлар билдирдингиз. Аммо барибир суд-ҳуқуқ тизимини идеалдан узоқлигини инкор этмасангиз керак, албатта. Сизнингча, айни пайтда тизимда қандай оғриқли муаммолар мавжуд ва уларни бартараф этиш учун қандай таклифларингиз бор?
- Тўғри, суд идоралари фаолиятини ҳали рисоладагидек деб бўлмайди. Тизимли муаммолар топилади. Оддий мисол, адвокатлар ва бошқа суд иштирокчилари кўпинча суд мажлислари бошланишини кутиб қолади. Судьялар адвокатлар ва иш бўйича тарафларни атай куттиради, демоқчи эмасман, иш вақтида кўрилишидан судья ҳам манфаатдор, албатта. Айрим вақтларда иш судьянинг ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан чўзилиб кетиши мумкин. Менимча, судларда ана шу ҳолатларни инобатга олиб, ишларни тўғри ташкил қилиш керак.
Бундан ташқари, адвокатура соҳасининг ва адвокатлик касбининг обрўсини ошириш юқори минбарлардан айтилаётган бир пайтда судлар маъмурий биносига прокурорларнинг бемалол кириб чиқишига барҳам бериши керак. Чунки адвокат мижоз, уларнинг яқинлари, гувоҳлар ва бошқа кишилар билан суд мажлиси бошланишини кутиб турган бир пайтда прокурор ёки прокуратура вакилининг суд биносига бемалол йўл олиши ёки судьяларнинг хизмат хонасига кириб чиқиши адвокатни суд процесси иштирокчилари олдида ноқулай аҳволда қолдиради. Шунингдек, бу судга нисбатан ҳурматсизлик ҳам ҳисобланади. Бу судьянинг мустақиллиги, холислиги ва у чиқарган қарорнинг қонуний ва адолатлилигига соя соладиган воқелик.