Адвокатнинг қонуний талаблари суд-тергов идораларининг мансабдор шахслари томонидан инобатга олинмайдими?
Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тоҳир Қодировнинг бу саволга жавоби кўпчилик учун қизиқ.
- “Адвокатнинг жамиятда обрўси йўқ, унинг фикрлари, қонуний талаблари кўп ҳолларда суд-тергов идораларининг мансабдор шахслари томонидан инобатга олинмайди, адвокатга қонун билан етарлича ваколат берилмаган”, қабилидаги фикрларни баъзан адвокатларнинг ўзидан эшитиб қоламиз. Бу иддаоларга муносабатингиз.
- Адвокатлик обрўли касб эмас, деган фикрга қўшилмайман. Бу ҳамиша ҳар ерда нуфузли касблардан бири бўлган.
Ҳа, асосли ва қонуний талабларимиз, илтимосномаларимиз тергов ва суд идоралари томонидан рад этилиши ҳоллари бўлади, лекин қонун ва тартиб-таомиллардан бир оз бўлса-да, хабардор мижозлар - биз ҳимоя қилаётган шахслар, даъвогарлар, жавобгарлар ва бошқалар айб адвокатда эмас, балки суд ва тергов органларида эканини яхши тушунади.
Шу билан бирга, профессионал жиҳатдан суст, беғам адвокатлар ҳам борлигини, улар касбимиз обрўсига доғ тушираётганини ҳам тан оламан. Аслида, ишни қабул қилаётган адвокат уни қонун йўл берадиган даражада муваффақиятли якунлашига ишончи комил бўлиши керак. Ўзига боғлиқ барча чора-тадбирларни кўриши, амалиёт ва тегишли адабиётлар билан таниш бўлиши, зарур ҳолларда мутахассисларни жалб қилиши ва конфиденсиалликни сақлаган ҳолда тажрибали ҳамкасблари билан маслаҳатлашиши лозим. Афсуски, айрим адвокатлар пулга ўчлиги ёки шошқалоқлиги туфайли зиммасига ортиқча юк олиб, пировардида мижози олдида юзи шувут бўлади.
- Шундай бир шароитда палата олдида турган вазифалар нималардан иборат, деб ҳисоблайсиз?
- Авваламбор, адвокатларимизнинг касбий билимларини муттасил ошириб бориш чораларини кўришимиз керак. Негаки, қонунларга киритилаётган ўзгаришларнинг одамларга фойдаси тегиши учун профессионал адвокат уларни амалиётда қўллай билиши, қатъият билан талаб қила олиши шарт. Акс ҳолда, қонунлар ишламай қолаверади.
Яна бир вазифамиз - адвокатларни доимий “қуроллантириб бориш” чораларини кўриш, яъни уларни услубий қўлланмалар билан таъминлаш.
Ёқубжон Марқаев суҳбатлашди.