Суд статистикаси ёки вилоят суди раисининг навбатдаги матбуот анжумани

Самарқанд вилояти суди раисининг матбуот анжуманидаги бу сафарги чиқиши ҳам лўнда ва ихчам бўлгани билан характерли. Негаки, барча рақамлар пресс-релиз орқали тарқатилди. Шундай бўлса-да, вилоят суди раиси эътибор қаратиш лозим бўлган масалаларга яна бир бор тўхталиб ўтди.

Хусусан, 2020 йилда суд ишларини кўриб чиқишда сайёр суд мажлисларига алоҳида эътибор қаратилган. Кўриб чиқилган ишларнинг 40 фоиздан кўпроғи айни шу тартибдаги суд мажлисларида муҳокама қилинган.

- Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад, биринчидан, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини оширишга қаратилган, - деди вилоят суди раиси Олим Ҳайитов. – Қолаверса, сайёр суд мажлислари орқали жамоатчилик назорати учун кенг имконият яратиш ва пировардида, судни ҳақиқий адолат қўрғонига айлантиришга эътибор қаратилмоқда.

Суд очиқ институт, бироқ ....

Вилоят суди раиси, анжуманда иштирок этган ўринбосарлари ва маъмурий ишлар бўйича вилоят суди раиси Б.Диёров ҳам бу фикрни қайта-қайта такрорлади. Бу фикрга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Зотан, суд раислари иштирокидаги мунтазам брифинг ва матбуот анжуманлари ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Аммо қарши фикрлар ҳар доим топилади: нима учун муайян иш, айниқса, кенг жамоатчилик ўртасида шов-шув бўлган ҳолат бўйича кўрилаётган суд мажлисида ҳукм ўқиш жараёни ҳақида олдиндан хабар берилмайди?

- Суд иши қачон ва қайси судда кўриб чиқилишини олдиндан айтиш мумкин, лекин ҳукмни қачон ўқиш бу суд жараёнида маълум бўлиши учун уни олдиндан айтиб бўлмайди, - деди О.Ҳайитов. – Қолаверса, суд мажлиси очиқ бўлгани билан уни ёритишга томонларнинг розилиги ҳам керак. Шунингдек, аппеляция бериш муддати якунланмаган иш бўйича чиқарилган қарорни эълон қилишга ваколатимиз йўқ.

Ҳокимликлар қайси соҳада кўпроқ хато қиляпти?

Вилоят маъмурий суди раисининг ҳисоботида қайд этилишича, 2020 йилда ташкилотларга тааллуқли кўрилган ишлар орасида ҳокимликлар билан боғлиқлари кўпроқ учрайди.

Жумладан, адлия, ички ишлар, кадастр ва бошқа идораларга тегишли ишлар 100 тага ҳам етмайди. Бироқ ҳокимликлар фаолияти билан боғлиқ 685 та ишлар кўриб, тамомланган. Шундан 247 та даъво қаноатлантирилган.

Бу ҳокимлик фаолиятидан норози бўлиб ёзилган аксарият шикоятларнинг ноўрин бўлганлигини кўрсатади. Бироқ, кўриб чиқилган ишларда маҳаллий ҳокимликларнинг юзга яқин қарори ҳақиқий эмас, деб топилган.

- Фуқароларнинг шахсий масалалардаги мурожаати ҳокимликларда бюрократик тўсиқларга учраётганини кўришимиз мумкин, - дейди вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров. – Масалан, тегишли тартибда ер ажратилган участкасида 10-15 йилдан буён яшаб келаётган уй-жойи учун эгалик ҳуқуқи тасдиқланмаяпти. Ваҳоланки, барча асослар етарли бўлганда бундай қарор қабул қилиш мумкин.

Статистика нималарни “гапирмоқда”

Матбуот анжуманида имкон қадар саволларни очиқ қолдирмасликка ҳаракат қилингани эътиборли. Вилоят суди, маъмурий суд раиси, ўринбосарлар тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг кенг жамоатчилик учун афзалликлари хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди.

2020 йилда кўриб чиқилган ишлар бўйича таққослама жадвалда эса қайси тоифа ишлар кўпайгани ва камайгани акс этганди. Унга кўра, йил давомида жиноят ишлари бўйича судда баданга ўртача (18) ва енгил (38) шикаст етказиш билан боғлиқ ишлар 2019 йилга нисбатан кўпроқ кўрилган. Шунингдек, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш 50 тага, фирибгарлик 14 тага, солиқлар ёки мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш 16 тага, пора бериш 12 тага, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар 44 тага кўпайган.

Шу билан бирга қасддан одам ўлдириш 15 тага, қасддан баданга оғир шикаст етказаш 11 тага, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш 13 тага, ўзлаштириш ёки растарата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш 56 тага, ўғрилик 54 тага камайган.

Матбуот анжумани давомида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Ё.Марқаев.