Йилнинг биринчи ярмида судларда коррупцияга оид 167 та жиноят иши кўрилди
Ички ишлар органлари Пробация хизмати тақдимномалари асосида қилмишидан чин кўнгилдан пушайман бўлган, ўзига тегишли хулоса чиқарган, жазони ўташ даврида тузалиш йўлига ўтиб, тартиб-интизомга қатъий риоя қилган намунали хулқ-атвордаги 1256 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 237 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.
Самарқанд шаҳар ва Паст Дарғом туманида жойлашган жазони ижро этиш манзил колонияларидан 232 нафар шахс тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли ва жазо енгилроғига алмаштирилиб, қамоқдан озод қилинди.
Самарқандда йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 228 нафар шахсга нисбатан коррупцияга оид 167 та жиноят иши кўриб тамомланди. Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп (40 нафар шахсга нисбатан) таълим ва қурилиш (21 нафар шахсга нисбатан) соҳасига тўғри келди.
Иқтисодий судлар томонидан кўриб ҳал этилган ва даъвоси қаноатлантирилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 291 миллиард 761 миллион 790 минг сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинди.
Ҳисобот даврида 22 минг 714 нафар шахсга нисбатан 17587 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар биринчи инстанцияга келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4526 тага кўп демакдир.
Кўриб тамомланган 10 минг 502 та маъмурий ишлар бўйича 12 минг 552 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилди.
Жумладан, 10 минг 368 нафар шахсга нисбатан жарима, 114 нафар шахсга нисбатан махсус ҳуқуқдан махрум қилиш, 2070 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.