Суд раиси маҳалла аҳлига ҳуқуқий тушунча берди, сайёр суд ўтказди

Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бугунги талаблари асосида аҳоли билан учрашувлар, сайёр суд жараёнлари одатий тусга кирди. Чунки бу тадбирларнинг ҳуқуқий тарғиботдаги самараси анча юқори. Айниқса, жиноий қилмиши учун жазо ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқий онгини доимий ошириб бориш долзарб масалалардан саналади.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг раиси О.Пардаев Самарқанд шаҳар "Янги ҳаёт" маҳалласида шу маҳалла ва "Сўфи Розиқ" маҳалласи фуқаролари билан учрашув ўтказди.
Расмийликдан йироқ, самимий тарзда ўтган тадбирда О.Пардаев одам савдоси ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик профилактикаси мавзуларида давра суҳбати ўтказди. Бу мавзуларни тушунарли, содда услубда, ҳаётий мисоллар билан тушунтириб берди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Учрашув давомида Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан Т.Тошқуловга оид жиноят иши сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Томонлар ярашганлиги муносабати билан жиноят иши Жиноят Кодексининг 66-1-моддасига асосан ҳаракатдан тугатилди.