Суд тизимидаги ўзгаришлар судьялар олдига қандай вазифа қўймоқда?
Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, аввало жазоларни либераллаштириш, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазоларни кескин камайтириш борасидаги ишларни алоҳида таъкидлаш ўринли. Негаки, айни шу ўзгаришлар сабаб билиб-билмай жиноят кўчасига кирган кўплаб одамлар маҳкумлик азобидан қутулишди.
Қайд этиш лозимки, судни ҳақиқий адолат қўрғонига айлантириш борасида кейинги 3-4 йилда жуда катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, илгари судлар ҳукм ёки ажрим чиқариш пайти жамоатчилик фикри, хоҳиш-иродасига бефарқ қарарди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ва "Нуроний" жамғармасининг жойлардаги бўлим ва бўлинмалари, ўзини ўзи бошқариш органларига судланаётган шахсни жиноят йўлига қайта кирмаслиги учун кафилликка олиш ваколати берилди.
Бундан ташқари, судларнинг сайёр қабуллари доимий ишга айланди. Жамоатчилик билан учрашув, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик, сайёр суд мажлислари бевосита кенг жамоатчилик кўз ўнгида, юртдошларимизнинг фаол иштирокида ўтяпти. Натижада очиқ ва одил судловнинг тарбиявий кучи одамлар томонидан қалбан англаб етиляпти.
Президентининг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса тизимдаги ислоҳотларнинг сифат жиҳатдан янги босқичини бошлаб берди.
Буларнинг барчаси Қўшработ туман суд органлари ва прокуратура ҳодимлари иштирокида ўтказилган семинарда эътироф этилди. Ўз навбатида соҳа ходимлари олдида турган вазифалар ва бугунги кун талаблари атрофлича муҳокама этилди. Негаки, 2021 йил 1 январдан “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизимининг ишга туширилиши, жиноятга доир ариза, хабар ва бошқа маълумотларнинг ягона электрон ҳисобга ўтиши тизим ходимларига ҳам алоҳида масъулият юклайди.
Амалга оширилаётган мазкур ўзгаришла суд ва судланувчилар ўртасидаги алоқаларнинг шаффофлигини таъминлаб, жиноий ҳаракатларнинг келиб чиқиш сабаблари, уни содир этган шахс ёки шахслар ўртасида турли низо ва келишмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Илҳом ҒУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича Қўшработ тумани суди раиси.