Суднинг ажрими бекор қилинди: Ерни ноқонуний эгаллаган фуқаро 307 миллион сўм жарима тўлайдиган бўлди
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Ургут тумани бўлими томонидан ўтказилган мониторинг-таҳлил давомида фуқаро М.К. “Меҳнатобод” агрофирмаси ҳудудида туман ҳокимлиги захирасида бўлган 0,25 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани аниқланди. Бунинг натижасида ушбу ер майдони қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқарилиб, давлатга 307 миллион 122 минг 54 сўм зарар етказилган.
Ушбу зарарни ундириш мақсадида инспекция туман бўлими фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига даъво аризаси киритади. Аммо суднинг 2020 йилнинг 28 август кунги ажрими билан жавобгарнинг айбдорлиги тасдиқланган ҳужжатлар тақдим қилинмаган, деган асос билан даъво ариза қайтарилган эди.
– Суднинг мазкур ажрими юзасидан 2020 йил 15 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти судига кассация тартибида шикоят аризаси киритдик, – дейди Ўзагроинспекциянинг Ургут тумани бўлими бошлиғи ўринбосари Зайнобиддин Сувонов. – Шикоят аризамиз фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди кассация инстанциясида кўриб чиқилиб, Тойлоқ туманлараро судининг ажрими бекор қилинди ва даъво ариза мазмунан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборилди. Шундан сўнг даъвомиз тўлиқ қаноатлантирилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгар М.К.дан етказилган зарар - 307 миллион 122 минг 54 сўмни давлат фойдасига ундириш белгиланди.