Сурия президенти конституциявий декларацияни имзолади. Яна Boeing... ёнмоқда. БМТ судьяси қулликда айбланмоқда. Марадона шифокорлари устидан суд жараёни бошланди

🔹 Суриянинг янги президенти беш йиллик ўтиш даври учун конституциявий декларацияни имзолади. Декларацияда аввалги конституциясининг айрим қоидалари, жумладан, мамлакат президенти мусулмон бўлиши ва ислом қонунлари асосий манба бўлиши сақланган.

🔹 Зеленский идораси 30 кунлик сулҳ тақдирида Украинада сайлов ўтказилмаслигини маълум қилди. Украинада президентлик сайловларини нейтрал кузатувчилар кафолатлаган барқарор ўт очишни тўхтатиш шартларида ўтказиш мумкин, дейди Украина президенти девонхонаси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк.

🔹 АҚШ ва Исроил Ғазо секторидан фаластинликларни қабул қилиш масаласини муҳокама қилиш учун Судан, Сомали ва тан олинмаган Сомалиланд ҳукумати билан боғлангани айтилмоқда. Аммо фаластинликларни жойлаштириш таклиф қилинган учта жойда ҳам камбағал ва зўравонлик ҳукмрон. Бу фаластинликларга ваъда қилинган "чиройли жой"лигига шубҳа уйғотади. АҚШнинг жойлаштириш таклифи рад этилган.

🔹 Владимир Путин Россия Украинада ўт очишни тўхтатишни тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди, бироқ унинг сўзларига кўра, “нюанслар” фундаментал аҳамиятга эга, жумладан, Киев бу вақтни қайта қуроллантириш учун фойдаланмаслиги кафолати. Украина президенти Зеленский Путиннинг гапини шарҳлар экан, уни “башоратли ва найранг” деб атади. Урушни тугатишга мажбур қилиш учун Путинга босим ва санкциялар зарур. Трамп Путин баёнотини “ишончли, аммо тўлиқ эмас” деди.

🔹 Денвер аэропортида American Airlines компаниясининг Boeing йўловчи самолёти двигателида носозлик туфайли фавқулодда қўнишни амалга оширгач, ёна бошлаган. Самолётдан 170 дан ортиқ йўловчи ва экипаж аъзоси эвакуация қилинган. 12 киши тан жароҳати олган.

🔹 Фаластин тарафдорлари намойишчилар Нью-Йоркдаги Трамп меҳмонхонасини эгаллаб олди. Колумбия университетининг фаластинлик талабаси Халилнинг ордерсиз ҳибсга олиниши ва АҚШ Давлат котиби Рубионинг ҲАМАС тарафдорлари АҚШдан депортация қилинишини айтгани норозиликка сабаб бўлган.

🔹 Москва мэри Собянин Москвага яна учувчисиз самолётлар ҳужуми ҳақида хабар берди. Украина дрони Путиннинг Кремлга борадиган йўналишидан 400 метр узоқликда, яна бири “Шаболовская” метро бекати яқинида қулаган.

🔹 Пекинда Хитой, Россия ва Эрон иштирокида Эрон ядро муаммоси бўйича кўп томонлама йиғилиш бошланди.

🔹 Олтин нархи тарихда биринчи марта бир унция учун 3000 долларга етди. Нарх ўсишига савдо можаролари кучайиши ва АҚШнинг божлар таҳдиди сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

🔹 Оксфорд суди БМТ Халқаро суд судьяси Лидия Мугамбени угандалик ёш аёлни қўл меҳнатига мажбурлаганликда айбдор деб топди. Мугамбе аёлни текинга хизматкор бўлиб ишлашга мажбурлаган ва ҳақ тўланадиган иш қидиришни ман қилган. Судья жабрланувчининг асосий ҳуқуқларидан бехабарлигидан фойдаланиб, уни эксплуатация қилган ва ҳақоратлаган.

🔹 Орадан тўрт йил ўтиб, Аргентинада Диего Марадона шифокорлари устидан суд жараёни бошланди. Афсонавий Диего Армандо Марадона 2020 йилда, 60 ёшида вафот этган. Дастлаб футболчининг юрак хуружидан вафот этгани, бироқ аслида шифокорлар Диегони узоқ вақт давомида ўз ҳолига ташлаб қўйишгани маълум бўлган.

Г.Холдорова тайёрлади.