Сув бўйида сувга зор каналёқаликлар орзуси амалга ошди

Бир кунда хонадонингизда неча литр сув ишлатишингизни биласизми? Ҳисоблаб кўрмагансиз-а? Аммо Паст Дарғомнинг Элбек маҳалласининг Каналёқа қишлоғи аҳлининг қай биридан сўрасангиз, қанча сув ишлатишини дарҳол айтиб беради. Бу қишлоқ бино бўлганидан бери жўмракдан, тоза сув келмаган.

Айтишингиз мумкин, баъзи ҳудудларда ичимлик сувини сотиб олишади, деб. Каналёқаликларнинг қудуқдан тортиб ичаётган сувининг ариқдан оқаётган сувдан фарқи йўқ – ичишга яроқсиз эди. Ноилож, аҳоли узоқ йиллардан бери шундай сувни ичар, имкони борлар бу ҳудуддан 60 километр узоқликдаги тоғ бағридаги булоқлардан сув келтиришарди.

Куни кеча шу қишлоққа сув келди. Аҳамиятли томони, сув нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббуси ва кўмагида келтирилди.

- Биз 1966 йилда шу қишлоққа кўчиб келганмиз, - дейди Шодиёр Исоқов. -Шундан бери қишлоқда тоза ичимлик суви бўлганини билмайман. Қудуқ, пишма крандан 10 метр пастдан сув чиқади, яроқсизлиги учун тиндириб ичишга мажбур бўлардик. Тўғриси, бу ерда бундан бир неча йиллар аввал ҳам аллақандай халқаро ташкилотлар кўмагида сув чиқариш ишлари бошланганди. Ўшанда қишлоқдошларимиз ниҳоят сувли бўламиз, деб суюнишганди. Афсуски, қувончимиз узоққа чўзилмади. Негадир ишлар тўхтаб қолди. Яқинда бир талай ташкилотлар бошчилигида артезиан қазиш ишлари бошланди. Тўғриси, бутун қишлоқ аҳли бу сафар иш чала қолмасин, деб назорат қилиб турди. Мана, шукрки, хонадонларга кранлар ўрнатилиб, 262 хонадон сув билан таъминланди.

Жўмракдан сув келиш кунини қишлоқ аҳли байрамдек нишонлади.

- Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ўтган йилдан бошлаб бутунлай янгича тизимга ўтдик, - дейди мазкур қувончли воқеанинг очилиш маросимида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Камолиддин Ишанхожаев. – Хусусан, ўтган йилнинг шу пайтлари жойларда юриб, аҳолининг муаммоларини ўргандик ва уларни реал ҳал қилиш учун нодавлат нотижорат ташкилотларига аниқ йўналишдаги грантлар ажратилиши учун мавзулар белгиладик. Ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳар бир ҳудуднинг фаол ННТлари ўз лойиҳаларини тақдим этди ва ишга киришди. Шу тариқа Самарқанд, Жиззах, Фарғона, Наманган вилоятлари ва  Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида сув билан боғлиқ муаммолар ечими юзасидан қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди. Мана, бугунга келиб, мамлакатимиз бўйлаб 20 мингга яқин аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Эндиликда ННТлар лойиҳаларида аниқ, амалий ишлар ва муаммоларни ҳал этиш юзасидан мавзулар белгиланади ва иш ижроси шу тариқа юритилади.

- Гарчи лойиҳа Самарқанд вилоят “Имкон” фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон тараққиёти маркази томонидан амалга оширилган бўлса-да, бунда ижтимоий шерикликнинг яққол ифодаси намоён бўлди, - дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Шоим Кенжаев. – Чунки лойиҳа аниқ бўлгач, уни амалга оширишда туман ҳокимлиги техника жиҳозлари билан ёрдам берган бўлса, “Самарқанд сув таъминоти” АЖ вакиллари ўз тажриба ва меҳнатлари билан лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширишини таъминладилар. Қолаверса, қишлоқ аҳли ҳам қараб турмади, керак жойда ҳашар уюштирилди, зарур ҳолларда ўз ҳовлиси учун жиҳозларни ўзи сотиб олди.

Шу тариқа Паст Дарғом туманидаги Элбек маҳалласи Каналёқа қишлоғида 5600 м сув тармоғи тортилди, натижада 200 дан ортиқ хонадон, икки мингга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.