Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати янги тартибда амалга оширилади
Унда республиканинг водопровод-канализация хўжалигини бошқариш тизими, сув истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олиш механизмларини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашни таъминлашга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Ушбу Фармоннинг вилоятдаги ижроси юзасидан мутасадди ташкилотлар мутахассислари фикрлари билан қизиқдик.
– Фармон қабул қилиниши муносабати билан сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибига жиддий ўзгартишлар киритилди, – дейди вилоят "Сувоқова" давлат унитар корхонаси директори ўринбосари Акрамжон Сиддиқов. – Бу бўйича вилоят ҳокимининг қарори қабул қилиниб, бир қатор вазифалар белгиланди. Шунга асосан корхонамиз томонидан 2017 йил 1 ноябргача сув таъминоти ва сув чиқариш хизматидан қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар рўйхати, юридик шахслар билан қарздорликни таққослаш бўйича далолатномалар Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасига тақдим этилди. Шунингдек, 2017 йил 1 декабрдан АТИБ "Ипотекабанк" вилоят филиалида вилоят "Сувоқова" ДУК учун ягона ҳисоб рақами жорий этилди. Сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тарифларни белгилаш бўйича декларациялар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим қилинди.
Фармонга кўра, эндиликда, бюро электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш билан бир қаторда сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасида тўловлар ундирилишини таъминлайди.
– Президентимиз фармонида бюрога муҳим вазифалар белгилаб берилган, – дейди мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бўлим катта инспектори Жалолиддин Шербоев. – Сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш, сувдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини, шунингдек, бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган сув ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасидаги тафовутларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш каби вазифалар шулар жумласидандир. Шунингдек, аниқланган тафовутларни бартараф қилиш механизми бўйича таклифлар киритиш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш чоралари ҳам бюро томонидан амалга оширилади.
2018 йил 1 январдан бошлаб сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилиши муносабати билан аввалдан ҳақ тўламаган истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда сув таъминоти ва сув чиқариш тизимидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилмоқда.
Сув истеъмоли назоратини тўлиқ таъминлаш мақсадида МИБ вилоят бошқармаси томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда ва аниқланган муаммолар бартараф этилмоқда. Жумладан, ўрганишлар жараёнида Самарқанд шаҳрига Даҳбед ва Чўпонотадан кириб келадиган юқори босимли 2 та сув қувуридаги "FLUXUS ADM 7407" русумли сув ҳисоблагич бир неча йиллардан буён техник носозлиги туфайли аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётганлиги аниқланди. Ушбу ҳисоблагични янгисига алмаштириш ва сув истеъмоли назоратини ўрнатиш учун амалий ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, сув истеъмоли юзасидан мавжуд қарздорликни камайтириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Айни вақтда вилоят "Сувоқова" давлат унитар корхонаси томонидан 332 минг 833 нафар аҳоли, 5 минг 652 ташкилотга хизмат кўрсатиб келинмоқда. Аҳоли истеъмолчиларидан 9 638,4 миллион, ташкилот истеъмолчиларидан 11 380,9 миллион, жами 21 019,3 миллион сўм дебитор қарздорлик мавжуд. Тўлов қобилиятига эга бўлмаган жами қарздорликнинг 45,8 фоизи, яъни, 9 636,2 миллион сўми биргина Самарқанд шаҳридаги "Иссиқлик манбаи" ДУК ҳиссасига тўғри келмоқда.
Маълумот учун айтиш жоизки, эндиликда сув таъминоти ва сув чиқариш тизимидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда I гуруҳ истеъмолчиларидан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида, II ва III гуруҳ истеъмолчиларидан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида тўлов қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига маблағларни ўтказиш орқали ундирилади. Истеъмолчи сув истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарининг лозим даражада эксплуатация қилиниши ва созлиги учун жавобгар бўлади.