"Светофорнинг қизил чироғида тўғрига ўтиш учун турган ҳайдовчилар ўнгга қайриладиганларга йўлни бўшатиб беришга мажбур эмас"
16 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати бошлиғи Акмал Юнусов йўл ҳаракати қоидаларидаги янги ўзгаришлар ҳақида гапирар экан, улар орасида янги жорий қилинаётган "Светофорнинг қизил чироғида бошқа ҳаракат қатнашчиларига халақит бермай ўнгга қайрилиш мумкинлиги" қоидасига батафсил изоҳ берди:
-Бу қоида ҳайдовчилар учун асло мажбурият эмас, балки тавсия ва имкониятдир. Шунинг учун ҳам ўнг тарафдан келиб тўғрига ҳаракатланмоқчи бўлган ва светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган ҳайдовчиларга орқадан келиб ўнг тарафга қайрилмоқчи бўлаётган ҳайдовчиларнинг "йўлни бўшат" деб сигнал чалишлари, босим ўтказишлари асло мумкин эмас. Улар светофорнинг қизил чироғи очилишини ва тўғрига ҳаракатланаётган ҳайдовчининг йўлни бўшатишини кутишлари лозим. Ҳайдовчилардан ҳам илтимос қилар эдик, улар тўғрига ҳаракатланаётган бўлсалар иложи борича ўнг тарафни банд қилмай бошқа қаторда турсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Бу амалиётни синов тариқасида бир нечта шаҳарларда жорий қилганимизга бир йилдан ошди ва кузатишларимиз шуни билдираяптики, светофорнинг қизил чироғида ўнг тарафга қайрилмоқчи бўлганларнинг аксарияти ўша йўлда тўғрига ўтмоқчи бўлиб туриб қолган ҳайдовчиларга "йўлни бўшат" деб сигнал чалиб, босим ўтказиб, ҳатто ҳайдовчилар ўзаро жанжаллашган ҳолатлар ҳам юз берди. Қоидаларга кўра, ўнг тарафда светофорнинг қизил чироғида тўғрига ўтиш учун келиб тўхтаб турган ҳайдовчилар орқадан "йўлни бўшат" деб сигнал чалаётган ва босим ўтказаётган бошқа ҳайдовчиларга йўлни бўшатишга мажбур эмас. Фақатгина ўнгга қайрилиш светофор билан тартибга солинадиган чорраҳалар бундан мустасно ва у ерда тўғрига қараб ҳаракатланаётган ҳайдовчи йўлни тўсиб қолмаслиги керак. Бу қоидани ҳайдовчиларга кенгроқ тушунтиришда ОАВнинг роли катта. Шунинг учун бу қоида ҳақида ОАВ кўпроқ ёритишларингизни илтимос қилар эдик.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил, 9 апрелдаги "Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қарори ва унда назарда тутилган янги тартиб ва ўзгаришларни кенг жамоатчиликка тушунтириш масалаларини муҳокама қилиш учун ИИВ ЙПХББ ходимлари, матбуот хизмати вакиллари ва турли ОАВ вакиллари қатнашишди. Ушбу матбуот анжуманида zarnews.uz ходими ҳам иштирок этди.