Таълим – тараққиёт таянчи
Бутун умрим таълим соҳасида ўтди, раҳбарлик лавозимларида ҳам ишладим, ёшлигимдан илмга меҳр қўйдим, умримни ўқишга, илмга бағишладим. Шу сабабли жамиятда таълим соҳасида кечаётган жараёнларга бефарқ бўла олмайман.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқ манфаатлари йўлида миллий иқтисодиётни юксалтириш, уни тараққиётнинг янги марраларига олиб чиқиш, дунё ҳамжамиятида мамлакат мавқеини мустаҳкамлашга, мавжуд барча имкониятларни бирин-кетин ишга солишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Бу олийжаноб мақсад ва вазифаларнинг бажарилиши, уларнинг реал натижалари, биринчи навбатда, мамлакатда шаклланган кадрлар корпусининг салоҳияти, уларнинг салоҳияти билан белгиланади. Билимли, юқори малакали ва ҳар бир ишни, унинг муҳимлик даражаси ва кўламидан қатъи назар, юксак савияда уддалай оладиган раҳбарлар, мутасадди шахслар, мутахассисларгина ҳар қандай мураккаб вазифаларни бажаришга қодир.
Мамлакатда инновацион иқтисодиётни шакллантиришнинг энг асосий муаммоси – кадрлар таъминоти, уларнинг билими, малакаси, таълим сифати. Назаримда, Ўзбекистонда таълим сифати бугунги кун талабларига, миллий иқтисодиёт эҳтиёжларига, энг ачинарлиси, ёшларимизнинг салоҳият даражасига тамоман мос келмайди. Кимларгадир ёқмаса-да, бу – ҳақиқат.
Мен атрофимда бўлаётган ишларни, ўқувчи-талабалар, профессор-ўқитувчилар, ота-оналарнинг таълимга, илмга бўлган муносабатларини, расмиятчиликка тўлиб-тошган, аммо амалий самараси паст бўлган чора-тадбирларни кузатиб, изтироб чекаман. Истеъдодли ёшларимизда мавжуд салоҳиятни, юксак қобилиятни рўёбга чиқаришга йўл бермаётган, унга тўсқинлик қилаётган таълим тизимидан дилим ғашланади. Ваҳоланки, ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқармаган ва улардан унумли фойдалана олмаган мамлакат ҳеч қачон бой бўлмайди. Кўриб турибмиз, бу ишни уддалаш, ёшлар иқтидорини мамлакат тараққиётининг асосий омилига айлантира олган Fарб мамлакатлари халқлари бой ва фаровон ҳаёт кечирмоқда. Биз эса уларга ҳавас билан қараймиз, уларнинг сафидан ўрин олишни орзу қиламиз, лекин том маънодаги бу бойликдан оқилона фойдаланишга ҳеч шошилмаймиз. Баъзан илм аҳли, профессор-ўқитувчилар доирасида шу мавзуда гап кетганида, "Ҳа, мана, яхши жараёнлар бошланди, энди аста-секин ҳаммаси изга тушиб кетар", қабилидаги гапларни эшитамиз. Оптимизм – сабр-қаноатли халқимизга хос ажойиб хислат. Лекин менинг назаримда, бу ерда гап оптимизмдан кўра кўпроқ тараққиётимизга салбий таъсир кўрсатаётган бамайлихотирлик, муросасозлик, аниқроғи, масъулиятсизлик устида кетяпти. Ахир, биз, педагоглар, профессор-ўқитувчилар – ёш авлодни билимли, ўқимишли, маданиятли қилиб тарбиялашга бевосита масъул шахслар, агар жоиз бўлса, таълимнинг шундай аянчли аҳволга тушиб қолишига муайян даражада айбдор бўлганлар жамиятда ҳамма нарса аста-секин изга тушиб кетишини кутиб юришимиз керакми? Жамиятда пайдо бўлган имкониятлардан ўринли фойдаланиб, юртимизда таълим сифатини тубдан оширишнинг асосий ташаббускорлари бўлишимиз керак эмасми?
Жамият тараққиётининг ҳозирги босқичида таълим мамлакатни ривожланиш ва саодатга элтувчи равон йўлнинг бошида турган темир дарвозанинг олтиндан ясалган калити, десак хато бўлмайди. Шу калитни ишга солиб, равон йўлга чиқмас эканмиз, жадал ривожланиш стратегияси ширин хаёллигича қолавериши, давлат раҳбари жон куйдириб, жамият олдига қўяётган муҳим вазифаларнинг ечилишида жиддий муаммолар туғилиши турган гап. Агар биз ўзимизни алдаб, юпатиш мақсадида тараққиёт, ривожланган мамлакатлар сафидан ўрин олиш тўғрисида гапириб юрган бўлсак, унда таълим тизимидаги иллатлар ўз-ўзидан барҳам топиб, ҳамма нарсанинг изга тушиб кетишини бамайлихотир ва узоқ вақт кутиб юришимиз мумкин. Бу аччиқ, лекин ҳаётий ҳақиқатни Ўзбекистонда яшаётган ва мамлакат келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро, айниқса, зиёлилар чуқур англаб етмоғи шарт.
Масъулият кимнинг зиммасида?
Таълим сифатини тубдан яхшилаш муаммосини ҳал қилишнинг якка-ягона йўли – бу тизимни коррупциянинг ҳар қадай кўринишлари ва иллатларидан халос этиш, мамлакатда шаффоф, сифатли билимни рағбатлантиришга йўналтирилган таълим тизимини шакллантиришдан иборат. Бунинг учун соҳага бевосита дахлдор бўлган барча томонлар биргаликда ҳаракат қилмоғи, таълим жараёнида кечаётган мураккаб жараёнларнинг пассив кузатувчиларидан билим сифатини оширишнинг фаол курашчиларига айланмоғи лозим.
Билимга дахлдор томонлар: биринчиси – таълим тизимини тартибга солиш ва бошқаришда иштирок этувчи давлат қонунчилик, ижро ва назорат органлари; иккинчиси – таълим хизматлари истеъмолчилари, яъни талаба-ўқувчилар; учинчиси – таълим хизматларини кўрсатувчилар, яъни профессор-ўқитувчилар. Ва тўртинчиси – ота-оналар.
Таълим сифатини тубдан ошириш муаммосини муваффақиятли ечиш учун улар биргаликда, ўзаро яқин ҳамкорликда ва ҳар бири алоҳида мустақил бўғин сифатида ишлаб чиқаришни билимли мутахассислар билан таъминлаб беришга ҳаракат қилмоғи лозим. Назаримда, ҳозир уларнинг ҳар бири алоҳида ва ҳаммаси биргаликда таълим сифатига тескари йўналишларда ҳаракат қилмоқда. Фикримнинг исботи сифатида айрим далилларни келтирмоқчиман.
Биринчи томон – таълимни идора қилувчи давлат тузилмалари. Кириш тест имтиҳонлари давлат хавфсизлик хизмати вакилларининг бевосита иштирокида ва қаттиқ назорати остида ўтказилади. Шунга қарамасдан олий ўқув юртига фақат билими бор ёшларни саралаб олиш муаммоси ҳал бўлмаяпти. Бу ҳолатнинг асосий сабаби шундаки, ушбу ташкилот таълим сифати кўрсаткичлари бўйича давлат олдида ҳисобот бермайди, унинг асосий жавобгарлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида. Модомики, таълим сифатининг жавобгарлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги зиммасида экан, демак, саралаб олиш жараёнини ўзи қатъий назорат остига олмоғи лозим.
Иккинчи томон – ўқувчи-талабалар. Билим олиш, ҳозирги замон фанидаги мураккаб мазмунни ўзлаштириш – инсон фаолиятининг барча турлари ўртасида энг оғири ва чинакамига машаққатлиси, десак ҳеч хато бўлмайди. Ёшлар, айниқса, болалар зерикарли, катта меҳнат ва кучаниш талаб қиладиган фанни ўрганишдан кўра, ўйин, томоша, спорт, бадиий китоб ўқиш, телевизор кўриш, интернетга уланишни хуш кўрадилар. Бу табиий ҳол. Дарслик қанчалик қизиқарли тилда ёзилган бўлмасин, ўқитувчи дарсни қанча қизиқарли ўтишга ҳаракат қилмасин, барибир у фанлигича қолаверади ва ҳеч қачон 10 ёшар бола футбол тепишга нисбатан бошини қотириб тенглама ечишни афзал кўрмайди.
Мурод Мухаммедов,
иқтисод фанлари доктори,
СамИСИ профессори.
(Давоми бор).