Таълим – тараққиёт таянчи
(Бошланиши газетанинг
18, 19-сонларида).
Масъулият кимнинг зиммасида?
Натижада улар ўз қобилиятининг пастлигидан руҳий тушкунликка тушади, шахс сифатида ўзларига бўлган ишончни йўқотади. Ваҳоланки, ўқишга катта иштиёқи бўлмаган фарзандни амаллаб ўқитиб, 4-5 йил қимматли умрини исроф қилиб, келажакда унинг бебурд бир "мутахассис" бўлишига сабабчи бўлгандан кўра, уни табиат инъом этган қобилиятига мувофиқ бирон бошқа йўлга бошлаш катта ижобий самара бериши мумкин. Масалан, шу фарзанддан зўр тадбиркор, яхши бир ноёб ҳунар соҳиби, қўли гул уста чиқиши мумкин. Фарзандига яхшилик қилиш мақсадида қилинган ҳаракат пировард натижада жамиятга ҳам, ота-онага ҳам, уларнинг ўша жондан азиз фарзандларига ҳам катта зарарлар келтиради.
Учинчидан, ота-оналар ўз фарзандига яхшилик қиламан, деб амалдаги қонун нормаларининг қўпол тарзда бузилишига сабабчи бўлади ва ўзларини жиноий ишнинг бевосита иштирокчисига айлантириб қўяди. Халқимизда "Бола – азиз, одоби ундан азиз", деган нақл бор. Ота-оналар халқимизнинг ана шу доно ўгитларига қатъий риоя қилмоқлари, агар жоиз бўлса, унга "Бола – азиз, лекин ҳақиқий билим – жуда муҳим", таҳрири остида озгина ўзгартириш киритмоқлари лозим.
Демак, мамлакатимизда таълим сифатининг аянчли аҳволга тушиб қолганига ҳар тўртала томон ҳам айбдор. Давлат раҳбари ўз Мурожаатномасида ўзимиздаги муаммоларни фақат ўзимиз ҳал қилишимиз, ўзимиз ҳаракат қилмасак, уларни биз учун бошқалар ҳал қилиб бермаслигини алоҳида эътироф этган. Камчилик ва хато ҳар ишда бўлиши муқаррар. Шунинг учун хатога йўл қўйиш гуноҳ эмас, балки уни журъатсизлик қилиб, яшириш, хаспўшлаб, сир тутиш катта гуноҳ, чунки тан олинмаган хато ҳеч қачон тузатилмайди, аксинча, давосиз дардга айланади. Эркин конвертациянинг мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ қилинмагани халқимизга қанчалик қимматга тушгани ва вақт ўтган сари янада оғирроқ муаммога айланиб боргани фикримнинг аниқ далилидир.
Таълим сифатини тубдан яхшилаш муаммосини ҳал қилса бўлади. Бунинг учун ҳамма томонларини қамраб олган ҳолда катта ақл билан иш тутиш керак. Бир замонлар ёшларнинг ҳарбий хизматга сафарбарлиги жамият учун муаммо эди, ақл билан иш тутилгандан кейин ҳарбий хизматга бориш шарафига муяссар бўлиш энди ёшларимиз учун муаммога айланиб қолди.
Реал ҳаётда таълим соҳаси эришиши мумкин бўлган барча натижаларнинг самарасини йўққа чиқараётган нарса бу – ўқувчи-талабалар билимини баҳолашда объективлик мезонларининг бузилаётганлиги, деб ҳисоблайман. Чунки айнан ана шу нуқтада кўп томонларнинг манфаатлари кесишади. Охир-оқибатда шахсий манфаатлар устунлик қилади ва давлат стандартлари мезонлари четга сурилиб, ўқувчи-талабанинг ҳали шаклланмаган, мавжуд бўлмаган билимига ижобий баҳо қўйиб юборилади. Масъулиятни ҳис қилмайдиган одамлар учун оддийгина туюлган ана шу нообъектив баҳонинг қўйилгани билимсиз кадр тайёрладик, деганидир. Бундан ёшлар (ўз салоҳиятларини руёбга чиқариш имкониятидан маҳрум бўлиб, саводсиз бўлганликларидан), халқ (катта машаққатлар билан топган пулини беҳудага, ноқонуний йўлларга сарфлаганидан), давлат (иқтисодий ўсиш суръатларининг кескин пасайганлигидан), жамият (ижтимоий адолат тамойилларининг бузилганидан) жуда катта зарар кўрадилар. Таълим сифатига, таълим бераётган олимлар, педагог-ўқитувчилар шаънига иснод келтираётган, халқимизнинг туб манфаатларига тамоман зид бўлган бу иллатлар жуда тез фурсатда, кечиктирилмасдан узил-кесил ҳал этилиши керак, деб ўйлайман.
Билимга берилган баҳо пулга сотилган жамиятда икки дунёда ҳам ривожланиш, тараққиёт бўлмайди.
Билим, билим ва фақат билим узлуксиз таълимнинг барча босқичларида – умумтаълим мактаби, лицей, коллеж, бакалавриатура, магистратура, докторантурадан диссертацияни ҳимоялашгача баҳолашнинг ягона ва ишончли мезонига айланиши шарт. Фақат истеъдодли, иқтидорли, билимга чанқоқ, келажакда олий маьлумотли мутахассис ёки олим бўлганидан кейин жамиятга, халқимизга, барча-барчамизга таълим жараёнида олган чуқур ва пухта билимлари билан наф келтира оладиган ёшлар касбий таълим эгаллаши керак. Шундагина мамлакат юксалишга юз тутади, гуллаб яшнайди. Саводи йўқ, билимсиз, "амаллаб" олий ўқув юртига кирган ва уни битирган мутахассислар мамлакатни олдинга қараб эмас, орқага қараб тортади. Бунинг зиёни, барча азоб-уқубатлари, биз шуни хоҳлаймизми-йўқми, оқибатда барибир халқнинг бўйнига тушади.
Таълим тизимида, айниқса, касбий таълимда, шундай бир олийжаноб, барчага ибратли бўлиши мумкин муҳит туғдиришимиз керакки, тақдир тақозоси билан ота ёки она, шунчаки таниш-билишлар нари турсин, ҳаттоки ўзининг фарзандидан имтиҳон олишига тўғри келса, ҳеч қандай иккиланмасдан унинг билимини холисона баҳоласин. Агар у ҳақиқий педагог бўлса, виждони бўлса, фарзандининг келажакда жамиятда ўзига муносиб мавқега эга бўлишини истаса, албатта, шундай қилади.
Мамлакатимизда таълим сифатини тубдан яхшилиш, унда мавжуд айрим иллатларни таг-томири билан қўпориб ташлаш, Ўзбекистонда шакллантирилган таълим тизимини, унда таҳсил олган ва ўқишни битирган ёшларимизни бутун дунёга кўз-кўзлаб, ибрат оладиган даражага кўтариш учун барча имкониятлар мавжуд.
Биринчидан, ёшларимизда билимга, ўқимишли, маърифатли бўлишга иштиёқ жуда катта. Бундай ноёб хислат ҳамма халқда ҳам бўлавермайди. Бу Яратганнинг халқимизга туҳфа этган буюк неъмати. Шунинг учун биз ёшларимиздаги бу ноёб хислатдан таълим сифатини ошириш мақсадларида унумли фойдаланишимиз, уларни қўллаб-қувватлашимиз зарур. Ёшларимизнинг ичида қобилиятли, истеъдодли ўғил-қизларнинг жуда кўплигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Спорт соҳасида шароит яратилиб, ёшларимиздаги салоҳиятни рўёбга чиқариш механизмлари ишга солинганда, улар халқимизнинг нималарга қодир эканлигини жаҳонга намойиш этмоқда. Таълим соҳасида ҳам унинг сифатини тубдан ошириш механизмлари яратилса, ёшларимиз бу соҳада катта ютуқларни қўлга киритишларига шубҳа йўқ. Агар билим ўқишнинг, институтга кириш ва битиришнинг ягона мезонига айлантирилса, ёшлар билим олишга астойдил қизиқади. Натижада эса таълим сифати кескин ошади.
Иккинчидан, ёшларга таълим бераётган педагог, профессор-ўқитувчиларимиз саводли, билимдон, рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш, билим сифатини тубдан яхшилаш юкини ўз зиммаларига олишлари мумкин. Лекин кейинги пайтларда таълим муассасалари ўқитувчиларининг сафи таълим сифати пасайиб кетган йилларда битирган ёшлар ҳисобидан тўлдирилиб борилмоқда. Ўзлари мукаммал билим билан қуролланмаган ёш ўқитувчиларимиз таълим тизими олдида турган мураккаб вазифаларни бажаришда қийинчиликларга дуч келмоқда. Жойларда ана шундай ёш ўқитувчилар малакасини оширишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилиши, бунга тажрибали, юқори малакали профессор-ўқитувчиларимиз амалий ёрдам беришлари, раҳнамолик қилишлари керак.
Кейинги пайтларда тест синовларини такомиллаштириш, уларнинг шаффофлигини таъминлаш билим сифатини оширишнинг муҳим йўналиши сифатида қаралмоқда. Тест синовларининг талабгор ёки талаба баҳосини баҳолашнинг самарали воситаси эканлигига эътироз билдирган ҳолда, менинг назаримда, тест синовларига талабни кучайтириш эмас, балки уларни бир қадар енгиллаштириш стратегиясини амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Анча йиллик тажриба шуни кўрсатадики, баъзан малакали ўқитувчи ҳам ечишга қийналадиган оғир тестларни ечиб, институтга кирган талаба ўқув жараёнида энг элементар машқ ва топшириқларни бажаришга ожизлик қилади. Бу ҳеч қандай мантиқ доирасига сиғмайдиган, лекин амалда жуда кўп учраб турадиган ҳақиқат. Рус тилида саломлашишни дуруст эплай олмаган ёшларнинг рус тилида мураккаб тестларни ечиб, юқори баллар олгани худди эртакка ўхшаб кетади.
Ривожланган мамлакатларда олий ўқув юртига қабул қилинадиганлар сони мамлакат жами аҳолисининг бир фоизини ташкил қилади. Бизда эса бу ҳолат 0,2 фоиз. Шунинг учун олий ўқув юртларига қабул сонини кескин кўпайтириш ва мавжуд фарқни камайтириб бориш лозим. Биринчи курсга кириш тартибини тубдан ўзгартириш, уни замон талабларига мослаштириш керак. Институтнинг биринчи курси ёшларимиз учун синов майдончаси вазифасини бажариши керак. Мактабда фақат аъло баҳолар билан ўқиган ёшларни тест синовлари орқали эмас, балки ректорат томонидан ташкил қилинган нуфузли кенгашнинг суҳбати билан қабул қилиш мумкин.
Ўз имкониятини суиистеъмол қилган ва ўз ўқувчисига аъло баҳоларни нотўғри, нообъектив қўйган мактаб ўқитувчилари ўз қилмишлари учун жавоб беришлари, агар қўпол хатолари борлиги исботланса, жавобгарликка тортилиши керак.
Мурод Мухаммедов,
иқтисод фанлари доктори,
СамИСИ профессори.
(Давоми бор).