Табиий газ кимнинг ёки ниманинг ҳисобига иқтисод қилинади?

-  Жорий йил куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонларида табиий газ муаммо бўлмайдими?

-  Табиий газни иқтисод қилиш ҳақида кўп гапирилаяпти, бу қандай тарзда амалга оширилади? Нимани ҳисобидан иқтисод қилиш мумкин?

-   Айрим чекка ҳудудларида жойлашган маҳаллаларда маиший газ баллонларини алмаштириш муддати 65-70 кунгача чўзилиб кетаётганлиги ҳақида мурожаатлар бўляпти? Шунингдек, аҳолига носоз газ баллонлари тарқатилаётгани ҳолатлари учрамоқда. Бу камчиликлар қандай бартараф этиляпти? 

“Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти корхонаси директори ўринбосари Ваҳоб Ҳалимов журналистларнинг шу каби саволларига жавоб берди.

Таъкидланишича, вилоятдаги 836,5 мингта газ истеъмолчиларининг 343,1 мингтаси табиий газ билан, қолган аҳоли хонадонлари эса суюлтирилган газ билан таъминланган.

-  Ўтган йили қишнинг қаттиқ совуқ келиши натижасида табиий газ босими пасайиб кўплаб ҳудудлардаги аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини газ билан таъминлашга қийналиб қолган эдик,- дейди Ваҳоб Ҳалимов. – Бироқ жорий йил ҳам шу аҳволга тушиб қолмаслик учун ҳозиргача 799,2 километр тармоқ зичликга синалиб, ҳаво босими ёрдамида тозаланди, 514,6 километр ер ости газ қувури махсус мосламалар ёрдамида текширилиб,  4901 дона газ тақсимлаш пунктлари ўрганиб чиқилди. Ўта оғир ҳудудларда 7,7 километр тармоқ таъмирланиб, реконструкция қилинмоқда. Бунинг натижасида 11,6 мингта аҳоли хонадонларида газ таъминоти яхшиланади. 

Ваҳоб Ҳалимовга кўра, энергия ресурсларини иқтисод қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ҳисобига 20 фоиз иқтисод қилиш режаси ишлаб чиқилган. Иситиш қозонларини кўмир ёқилғисига мослаштириш ҳисобига 29,4 миллион куб, газ қувурлари ва қурилмаларида таъмирлаш ва профилактик тадбирларни ўтказиш ҳисобига 2.8 минг куб, хонадонлардаги 2 босқичли таъминот тизимига ўтказиш ҳисобига қарийб 1 миллион куб, энергия тежамкор газ жиҳозлари ўрнатиш ҳисобига 24,9 миллион куб табиий газни тежалиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда вилоятдаги суюлтирилган газ билан таъминланувчи 809 та маҳаллада жойлашган 493.4 минг аҳоли хонадони, 428 та ижтимоий соҳа объектларига 48365 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. 6 та газ тақсимлаш станцияси ва пунктлари, шунингдек, шартнома асосида хизмат кўрсатадиган 11 та хусусий газ тақсимлаш шохобчаларига биркитилган 110 та турли махсус машиналар орқали аҳолига етказиб берилмоқда. 

Дилмурод ТЎХТАЕВ.

Ҳусан Элтоев олган суратлар.