Тадбиркор солиқ соҳасидаги янгиликлардан нечоғли хабардор?
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16 март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи чоғида тизимни рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш, “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлик субъектлари билан бевосита мулоқот қилиш, улар дуч келаётган муаммоларни ўрганиш юзасидан бир қатор топшириқлар берган эди.
Президентимизнинг мазкур топшириғи юзасидан Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти, ҳудудий давлат солиқ органлари масъуллари иштирокида тадбиркорлар билан бевосита учрашувлар ўтказилмоқда. Жумладан, Каттақўрғон шаҳар драма театри ва Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Жамшид Ўрунов, вилоят давлат солиқ бошқармаси масъуллари иштирокида учрашувлар ўтказилди.
Учрашувларда жорий йилда солиқ қонунчилигига киритилган янгилик ва ўзгартишлар, соҳани рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил сўз юритилди.
Энг муҳими, тадбиркорларнинг онлайн назорат-касса машиналари, қўшилган қиймат солиғи, ер ва мол-мулк солиқлари ва бошқа бир қатор масалалар бўйича саволларига атрофлича жавоб қайтарилди. Шунингдек, иштирокчилар ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди, айрим тадбиркорларнинг муаммолари жойида ҳал этилди.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.