Тадбиркор ҳуқуқи апелляция инстанциясида тикланди

Жомбой туманида фаолият кўрсатувчи МЧЖ Халқ банкининг туман филиалига кредит олиш мақсадида мурожаат қилган. Талаб қилинадиган ҳужжатлар тайёрлангач, гаров сифатида тадбиркорнинг танишига тегишли бўлган нотураржой тақдим этилган.

Хуллас, ҳаммаси жойида бўлгач, МЧЖга 450 миллион сўм, йиллик 15 фоиз устама тўлаш шарти билан 36 ой муддатга кредит ажратилган.

Банк ва МЧЖ ўртасида тузилган 2020 йил 19 августдаги кредит шартномасининг 4.2.2-бандига кўра, қарздорнинг мажбуриятлари жумласига кредитдан фақат шартномада кўрсатиб ўтилган мақсадларда фойдаланиш белгиланган.

Ажратилган кредитни мақсадли ишлатилиши юзасидан Марказий банк Самарқанд вилоят бош бошқармаси ва Халқ банки Жомбой филиали ходимлари томонидан мониторинг қилиниб, МЧЖ томонидан кредитдан қисман мақсадсиз фойдаланганлиги ҳақида маълумотнома тузилган.

Ушбу маълумотномада 2020 йил 4 декабр санасига қадар МЧЖда 163 миллион сўмлик ускуналар мавжудлиги, устахона ташкил қилиш учун таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли қолган 287 миллион сўмлик ускуналар таъминотчи корхонада турганлиги қайд этилган.

Шундан сўнг, Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси банк манфаатини кўзлаб, жавобгарлар МЧЖ ва гаровдаги мулк эгаси бўлган фуқарога нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда кредит шартномаси бўйича 450 миллион сўм ва муддати ўтган қарздорликни банк фойдасига ундириш ва ундирувни гаров мулкига қаратишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, банк фойдасига жавобгар МЧЖдан жами 450 миллион сўм кредит қарздорлиги ундирилиши ҳамда ундирувни фуқарога тегишли бўлган гаровдаги мол-мулкларга қаратилиши белгиланган.

Тадбиркор бундан норози бўлиб, вилоят судига аппелясия шикояти билан мурожаат қилди. Аппеляция судлов ҳайъати ишни кўриб чиқар экан, ҳар бир масалага жиддий эътибор қаратди. Хусусан, даъводаги важ ва ушбу маълумотномадаги кредит мақсадсиз фойдаланганлиги ҳақидаги фактлар қуйидаги далиллар билан инкор этилади.

Иш ҳужжатларида мавжуд бўлган таъминотчи корхона ва МЧЖ ўртасида 2020 йил 14 ва 17 августда тузилган олди-сотди шартномалари билан жами 450 миллион сўмлик ускуна ва жиҳозлар сотиб олинганлиги, “счет-фактура”ларда эса ушбу МЧЖ томонидан қабул қилиб олинганлиги қайд этилган.

Шунингдек, олинган кредитни мақсадли ишлатиш ва бизнес-режа бўйича ускуналарни жойлаштириш учун 2020 йил 1 августда МЧЖ бир йил муддатга бир фуқарога тегишли бўлган нотурар жой биносини ҳар ойда 2 миллион сўмдан, жами 24 миллион сўм ижара ҳақи эвазига ижара шартномаси асосида олганлиги аниқланган. Демак, ускуналар сотиб олинган, бир қисми олиб келинган. Қолган қисми эса ўрнатиладиган жой тайёр бўлмаганлиги учун таъминотчи омборида турган.

Кредит шартномасининг 4.1.3-бандига кўра, банкнинг мажбуриятлари жумласига қарздорни банк томонидан кредитни муддатидан илгари ундириш фактлари ва сабаблари ҳақида хабардор қилиш лозимлиги белгиланган.

Гарчи, банк томонидан 2020 йил 7 декабр санаси билан жавобгар МЧЖ номига йўлланган огоҳлантириш хати мавжуд бўлса-да, ушбу огоҳлантириш хати МЧЖга юборилганлигини тасдиқловчи квитансия ёки бошқа ҳужжат судга тақдим этилмаган.

Демак, бунда МЧЖ томонидан кредитдан мақсадсиз фойдаланганлиги исботланмаганлиги билан бирга МЧЖ билан шартнома юзасидан бўладиган дастлабки мажбуриятга банк томонидан риоя этмаган.

Бундай ҳолатда МЧЖ шартномавий мажбуриятига амал қилмаган деб топишга ва банкнинг шартномавий ҳуқуқлари бузилган, деб ҳисоблашга ҳуқуқий асослар мавжуд эмас.

Юқоридагиларга асосланиб, апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва иш юзасидан даъвони рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш ҳақида хулосага келган.

Шу тариқа, яна бир тадбиркорнинг ҳуқуқлари суд томонидан ҳимоя қилинди. 

Н.Раҳмонова,

Самарқанд вилояти судининг судяси.