Чақирув қоғози шундай ёзиладими?!
Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судида “ўзига хос” шакл ва мазмундаги “Чақирув қоғози” қўлланилмоқда.
Кейинги пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, ҳуқуқ ва ваколат доирасини кенгайтириш ҳамда судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қатор фармонлари қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси томонидан амалдаги кодексларга қўшимчалар киритилиб, янги таҳрирда тасдиқланди.
Судлар фаолиятига замонавий техника воситалари жорий қилинди. Электрон мулоқот тизими ўрнатилди. Бир сўз билан айтганда, судлар фаолияти фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган мустақил ҳокимият органига айланди.
Тегишли процессуал кодексларда суд ҳужжатларини тайёрлаш ва етказиб беришнинг тартиб-таомиллари акс этган меъёрлар ўз ўрнини топди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 157-моддаси (“Суд чақирув қоғозининг мазмуни”)да қуйидагича талаб мустаҳкамлаб қўйилган: “Судга чақириш тўғрисидаги суд чақирув қоғозида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) Суднинг номи, манзили, телефон рақами, электрон почта манзили;
2) Келиш жойи ва вақти;
3) Шахс қандай иш юзасидан чақирилаётганлиги;
4) Шахсни ким тариқасида чақирилаётганлиги;
5) Ишда иштирок этувчи шахсни иш бўйича ўзлари эга бўлган далилларни тақдим этиш тўғрисидаги таклиф;
6) Чақирилувчи йўқлиги сабабли чақирув қоғозини қабул қилиб олган шахснинг имконияти бўлиши биланоқ уни дарҳол чақирилувчига топширишга мажбурлиги;
7) Судга келмаганликнинг ушбу Кодекснинг 220, 221 ва 222-моддаларида назарда тутилган оқибатлари”.
Аммо фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судида “ўзига хос” шакл ва мазмундаги “Чақирув қоғози” қўлланилмоқда.
Бунга ишонмасангиз қуйидаги матнга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Унда на чиқиш рақами, на сана кўрсатилган, муҳр қўйилмаган, матн суднинг юридик номи, манзили, телефон рақами, электрон почта рақами ва Ўзбекистон Республикасининг давлат герби акс этган махсус иш қоғози (бланкаси)да ёзилмаган. Қизиғи шундаки, чақирув хатини олувчи судда ким сифатида иштирок этишини тушунолмай бошини оғритади. Чунки чақирув хатида “Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди Сизни... “Умумий мулк бўлган уй-жойни бўлиш тўғрисидаги фуқаролик иши бўйича даъвогар ёки жавобгар сифатида судга чақиради”, дейилган.
Энди ўзингиз топиб олаверинг: қайси фуқаролик иши бўйича ва ким сифатида суд мажлисида иштирок этсам экан, дея...
Йўлдош Суюнов,
ҳуқуқшунос, меҳнат фахрийси.