Тадбиркор қонунни четлаб ўтмоқчи бўлди

Кейинги йилларда давлатимиз томонидан тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бу имкониятдан тўғри фойдаланиб, кўпчилик тадбиркорлар самарали фаолият юритмоқда. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ўрнатилган тартиб-қоидани, қонунни четлаб ўтишга уринаётганлар ҳам учраб турибди.

Самарқанд шаҳар иқтисодий судига даъвогар Самарқанд вилоят божхона бошқармаси даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар  "Lux service" МЧЖдан (жавобгарнинг номи ўзгартирилган) 243 438 773,76 сўм божхона тўловларини ундириш ва олиб кирилган товарларни эркин муомалага чиқариш божхона режимига расмийлаштириш мажбуриятини юклашни сўраган. Маълум бўлишича, “Lux service” МЧЖ номига Эквадор давлатидан 83 808 килограмм бўлган “Бананы свежие” товарлари олиб келинган. Мазкур товарлар “Rohat Lux” МЧЖга қарашли Самарқанд шаҳри, Чўпонота массивидаги омборхонага жойлаштирилган ва божхона омбори режимига расмийлаштирилган.

2019 йил 19 апрель куни божхона ходимлари томонидан омборда сақланаётган товарлар кўздан кечирилганда, умумий вазни 41 904 килограмм бўлган “Бананы свежие” товарлари бу ерда мавжуд эмаслиги ва тегишли божхона режими расмийлаштирилмасдан, божхона тўловларини амалга оширмасдан тасарруф этилганлиги аниқланади.

Ушбу ҳолат юзасидан 2019 йил 20 май куни Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, жавобгарнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги боис жиноят иши тугатилган. Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан  “Lux service” МЧЖдан Самарқанд вилоят божхона бошқармаси фойдасига 243 438 773,76 сўм божхона тўловлари ундирилиши ҳамда олиб кирилган товарни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига расмийлаштириш мажбурияти юклатилди. Шу билан тадбиркорнинг ноқонуний хатти-ҳаракатига чек қўйилди.

Маҳсуда Дусматова,

Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг судьяси.