Тадқиқот: Ўзбекистонда аёлларнинг 47,3 фоизи 4 нафар фарзанди бўлишини истайди
Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда республикамизда туғилиш сони ортиб бормоқда. Жумладан, 2000 йилда 527,6 минг нафар, 2010 йилда 634,8 минг нафар гўдак дунёга келган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 905,2 минг нафарга етган. Халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистон 2021 йилда туғилиш даражаси бўйича “ўртача юқори” бўлган мамлакатлар қаторидан жой эгаллади.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги “Оила ва хотин-қизлар” илмий тадқиқот институти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси билан ҳамкорликда оилаларда туғилишнинг кўпайиш омилларини аниқлаш мақсадида тадқиқот олиб борилди. Жорий йилнинг 8 августдан 15 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳрида социологик тадқиқот ўтказилди. Ўрганишлар 15 та шаҳар, 33 та туман ва 204 та маҳаллани қамраб олди.
Тадқиқот натижалари кўрсатишича, хотин-қизларнинг аксарияти оилада фарзандлар сони 3-4 нафар бўлишини маъқул кўради. Яна муҳим бир жиҳат, хотин-қизларнинг ҳар учтадан бири (32,2 %) кўп фарзандли бўлишни истайди.
Тадқиқотда фарзандли аёлларнинг яна қанча фарзанд кўришлари тўғрисидаги фикрлари ўрганилганида, 47,3 фоиз аёллар 4 нафар, 38,6 фоиз аёллар 3 нафар фарзандли бўлишни режалаштиришгани аниқланди. Кўп фарзандли бўлишни истовчилар улуши 53,1 фоизни ташкил этди.
Тўрт нафар ва ундан кўп фарзанд кўришни режалаштириш ҳолати фарзанд кўргунга қадар ҳар учинчи респондентга (28,5 %) хослиги кейинги йилларда ҳам Ўзбекистонда демографик ўсиш суръати юқори даражада сақланиб қолишидан дарак бермоқда.