Таҳририятнинг виждони эди
Ёхуд киройи кайвони қандай бўлиши кераклиги хусусида
Тақдирнинг ишлари қизиқ, гоҳо бунга муносиб бўлмасанг-да, ажойиб инсонлар билан бир жамоада елкадош бўлиб ишлаш насиб қилади. Айниқса, сен билан бирга фаолият кўрсатаётганларнинг айримлари шу қадар фазилатлар эгаси бўладики, улардан ибрат олишга, ўрганишга, тутумларини амалда қўллашга интиласан...
Раҳматли Адҳам Ҳайитов ана шундай кишилардан бири эди. Унинг таҳририят остонасини ҳатлаб ўтаётган ёшларга “Эгнингни (кўкрагинг маъносида) кўтариб юр, ҳеч кимдан қарз эмассан ёки кимгадир муте бўлма”, деганини аксар ўқувчиларимиз яхши билади.
Ҳа, у киши жамоада тарбиячи эди.
Одатдаги кунларнинг бирида “Адҳам ака”, деб гап бошладим-у қарз сўраш учун у нимага кераклиги ҳақида айтиб кетдим. “Ўв, бола, - деб ўта кескинлик билан мени тўхтатиб, ҳалигача эсимда бўлган гапини айтди. – Кимдандир қарз сўрамоқчи бўлсанг, дардингни достон қилишинг шартмас. Агар бериши мумкин бўлса, имконияти етса шундай ҳам беради. Мабодо бермайдиган бўлса, унга оилавий ёки шахсий сирингни айтганинг қолади”.
Муаммомни эшитмади, лекин менга керак бўлган пулни топиб берди. Ўша пайтда таҳририят кассасида нақд пул муаммо эди, аммо ёш-ялангларга у маош келгунча ҳам зарур бўлиб қолади. Шундай пайтларда мен тенгилар ҳеч иккиланмасдан Адҳам аканинг хонасига кириб бораверардик. (Зеро, у олдига дард билан кирган ҳеч бир ҳамкасбимизни кўкрагидан итармаган. Аксинча, таҳририятдаги ҳар бир ходимнинг қаердан ва қандай “нафас олаётгани”ни билиб юрарди).
Унинг хонасидан эса доим бир пиёла чой ва тарелкадан аримайдиган ширинликдан насибамизни олиб, ойлик олган ходимдек чиқиб кетардик...
Ҳали у кишининг ёшига етмаган бўлсак-да, Адҳам ака ҳамкасб сифатида жамоадошларга қилаётган муносабатни амалда қўллай олмаётганимиз билиниб қолади.
Аслида бу ҳақда кўп мисоллар келтириш мумкин. Бироқ бир воқелик хотирамга шу қадар кучли жойланганки, унинг таъсири йилларки сезилиб туради. Илло...
Узоқ тумандан келиб ишлайдиган, ёшлиги билан бирга кичик жуссали қоровул йигитга таҳририят мутасаддиларидан бири ноҳақлик қилди. Қандай адолатсизлик қилгани муҳим эмас, шу топда хонасидан отилиб чиққан Адҳам ака қоровулнинг ёнини олиб тарсаки тортиб юборгани кўпчилик “томошабинлар”ни эсини киритиб қўйди – нотўғри қилганди, буям кам унга, дея таъна қилиб тарқалишдик.
А.Ҳайитовнинг ўша пайтдаги шиддати, чапдастлиги мени ҳайрон қолдирган, деб ўйлаётгани бўлсангиз адашмадингиз, зотан 60 ёшдан ошган отахон 40-45 ёшлардаги одамга қўл кўтариши ноҳақликка қарши исён эди.
Ҳа, айтганча, у киши турли спорт мусобақалари, хусусан, стол теннисида фавқулодда чаққонлиги билан ёш йигитларнида доғда қолдирарди.
Умуман, у одам ҳаётнинг барча жабҳаларида ўзидан кичикларга фақат ибрат бўлган. Адҳам аканинг соч-соқоли ўсиб кетган ёки шими ғижим бўлганини ҳеч ким кўрмаган. Оёқ кийими офицерларники каби доим ярақлаб турарди...
Озми-кўп китоб варақлаганимиздан сўнг мўмин кишининг кўнглини қолдириш (адашманг, мўмин киши) Каъбани вайрон қилиш каби эканлигини билдик. Аммо кўпда уни амалга ошира билмаганмиз-билмаяпмиз. Лекин Адҳам Ҳайитов билан бирга ишлаш асносида ёшига ярашмайдиган қилиқ, гап-сўз ё бошқа жиҳатлари билан кўнглимизни қолдирмаганини айтиш ўринли.
Умуман, у одам жамоанинг чинакам кайвониси эди, десам биров қарши бўлмас, чунки юриш-туриши, ҳаракат ва ҳаракатсизлиги – ҳаммасида ёшига хос виқор ва салобат бор эди...
Жамоа хотин-қизларини бошқалардан рашк қилиши, таҳририятга ким кириб, ким чиқаётгани, уларнинг ҳар бирини нима мақсадда юрганини гаплашмасдан билиши, буларнинг бариси Адҳам Ҳайитовнинг биров такрорлай олмайдиган хислати эди.
Ҳа, ўтганлар ҳақида ёмон гапириб бўлмайди. Шунинг учун зийрак ўқувчи ҳамкасбини мақтаяпти, деса адашмаган бўлади. Лекин қораламаларни ҳеч бирида муболаға йўқ. Жумладан, ёши, табиийки, тажрибаси ўлароқ таҳририятда алоҳида имтиёзга эга бўлиш имконига эга эди. Балки ўрни билан бундан фойдалангандир ҳам, лекин таҳририятда ҳеч кимни “оёғининг учи билан кўрсатмаган”. Шунинг учун ҳар қандай жамоадошимизнинг яхши ёки ёмон кунида хабар олишни, ёнида туришни, тургандаям бутун жамоа билан боришни ўз зиммасига оларди.
Дарвоқе, кўпчилик Хўжа Аҳрор Валий замонасининг муршиди комили сифатида темурий ҳукмдорлар томонидан улуғланганини билади. Аммо унга султон Абусаид мирзо тамға божида имтиёз бергани кўп ёритилмаган. Бунда аҳамиятли жиҳати шуки, савдо нуқталари ва карвонлари учун тамға божини тўламаётган Убайдуллоҳ султондан бу енгилликни бошқаларга ҳам беришни султондан сўрайди. Унинг ҳаққи-ҳурмати бу иш амалга ошади.
Гоҳида атеистик тузум даврида улғайгани учун зиммасидаги фарзларни бажаролмади, деган ўй хаёлимдан ўтади. Аммо ишонаманки, у киши гарчи сен шогирдсан, демаган бўлса-да ўнлаб, балки юзлаб шогирдлари ҳақига дуо қилади.
Адҳам ака ҳаёт бўлганида бугун 75 ёшини қаршилаган бўларди. Гарчи орамизда бўлмаса-да, Яратгандан у кишининг охиратларини обод, руҳларини шод қилишини сўраймиз!
Ёқубжон Марқаев.