Тажрибали журналист ва публицист Тугалбой Музаффаров вафот этди
Ҳамкасбимиз, вилоят матбуоти ривожи, равнақи учун жон куйдириб ўз фикри, таклифларини бериб келаётган ва бу эзгу ишга ҳисса қўшаётган Тугалбой Музаффаровнинг вафот этганлиги ҳақидаги хунук хабар барчамизни қайғуга солди. Етук журналист, тажрибали матбаачи, публицист Тугалбой Музаффаров 70 ёшда эди.
Т.Музаффаров 1949 йил, 9 майда Тойлоқ тумани, Боғизоғон қишлоғида таваллуд топди.
1966 йилда тумандаги 63-мактабда таҳсил олиб, иш фаолиятини 1966-1967 йилларда вилоят босмахонасида ҳарф терувчиликдан бошлади. 1968-1974 йилларда “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида техник муҳаррир, масъул котиб ўринбосари вазифаларида самарали меҳнат қилди.
1974-1977 йилларда Жиззах вилоятининг “Жиззах ҳақиқати” газетасида масъул котиб ўринбосари, 1977-1984 йилларда шу вилоятнинг Арнасой тумани, “Арнасой тонги” газетаси масъул котиб бўлиб ишлади.
1995 йилдан шу кунгача Тойлоқ туманининг “Қўшчинор” газетасида масъул котиб, муҳаррир, мураббий-мухбир вазифасида ишлаш баробарида кўплаб ёш мухбирларга устозлик қилди.
Т.Музаффаровнинг “Тойлоқнома” трилогияси, “Эр йигитнинг қаноти” қиссаси, “Тойлоқнинг нурли излари” “Ёшлик зийнати”, “Юрагимга яқин кишилар”, “Чапақай ижодкор”, “Умрим манзиллари” публицистик китоблари, “Кўзгудаги одам”, “Маъсум чечаклар” каби 20 дан ортиқ тўпламлари чоп этилган.
Замондош ва ҳамфикр дўстлари, елкадош ҳамкасблари ҳамда шогирдлари номидан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор қиламиз.
Тажрибали қаламкаш, ўз касбига содиқ, камтарин инсон Тугалбой Музаффаров хотираси қалбимизда абадий яшайди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими,
вилоят «Зарафшон» ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти.