Талабалар тураржойи муаммосига нега ечим топилмаяпти?

Олий таълим муассасаларида квоталарнинг ошиши талабалар тураржойига бўлган талабни кучайтирди. Кейинги йилларда эҳтиёждан келиб чиқиб, тадбиркорлар томонидан давлат-хусусий шериклик асосида талабалар тураржойлари қурилмоқда. Масалан, Самарқанд шаҳри Рудакий кўчасида давлат-хусусий шериклик асосида учта талабалар тураржойи барпо этилган.
- Бу ерда 1400 нафарга яқин йигит-қиз истиқомат қилади, - дейди талабалар тураржойи иш юритувчиси Соҳиба Раҳмонова. – Шундан, минг нафарга яқини Самарқанд давлат тиббиёт университети талабалари бўлса, қолгани Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида таълим олаётган ёшлардан иборат. Ушбу талабалар тураржойи икки йил олдин қурилиб, фойдаланишга топширилганди. Унда ўтган йили яшаган талабалар бу йил ҳам келиб, ижара шартномаларини тузишди. Бизда талабалар тураржойига қабул анъанавий тарзда ташкил этилди. Ўқув йили бошлангунга қадар барча хоналаримиз тўлди.
Талабалар тураржойида 2, 4, 6 кишилик хоналар мавжуд бўлиб, ҳар бирида шкаф, стол, стул, кроват ва ювиниш хоналари бор. Ҳар бир қаватда алоҳида ошхона, кир ювиш хонаси мавжуд. Бундан ташқари, дарсхона, кутубхона, маънавият хонаси ҳам ташкил этилган. Интернет учун wi-fi қурилмаси ҳам ўрнатилган.
Талабалар тураржойида олий маълумотли педагог, психолог тарбиячилар фаолият юритади. Улар бевосита ёшлар билан ишлайди ва уларни назорат қилади. Ҳудудга бегона кишилар киритилмайди.
- Қарши шаҳриданман, - дейди Самарқанд давлат тиббиёт университетининг 3-босқич талабаси Ҳулкар Раҳматуллаева. – Биринчи курсдан буён ушбу талабалар тураржойида икки кишилик хонада опам билан тураман. Ётоқхонада талабалар учун барча шароитлар яратилган. Ойига тураржой учун 770 минг сўм тўлайман. Ижара шартномасига кўра, давлат томонидан менга ҳар ой 206 минг сўм тўлаб берилади.
Дарҳақиқат, давлат олий таълим муассасаларининг фақат кундузги таълим шаклида, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларга ижара пулининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда талабанинг давлат гранти ёки контракт асосида таҳсил олишидан қатъи назар тўлов амалга оширилади. Талабаларга ижара пули учун Тошкент шаҳрида — БҲМнинг бир баравари (412 минг сўм), қолган ҳудудларда — БҲМнинг ярим баравари (206 минг сўм) тўлаб берилади.
Фақат хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим дастурлари асосида таълим олаётган талабалар бундай имтиёздан фойдалана олмайди.
Шунингдек, ҳар янги ўқув йили олдидан олий таълим муассасаларида талабаларга ижара уйлари топиб беришга кўмаклашадиган марказлар ташкил этилади. Бундай марказ ходимлари олий таълим муассасаси жойлашган ҳудуд атрофидан ижара уйлари топиб, талабаларга тавсия қилади.
- Университетимизнинг бакалавриат йўналишида 13 мингдан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда, - дейди Самарқанд давлат тиббиёт университетининг даволаш иши факультети тютори Муяссар Ҳусанова. – Бизда 2600 ўринга мўлжалланган бешта ва давлат-хусусий шериклик асосида қурилган 1000 ўринли битта талабалар турар жойи мавжуд. Университет ётоқхоналаридан 1700 ўрин хориждан келган ёшлар, қолган 900 ўрни маҳаллий талабаларга ажратилган. Бу йил маҳаллий талабалар томонидан тураржой учун 1200 та ариза келиб тушган. Улардан 900 таси қаноатлантирилди, яъни узоқ ҳудуддан келиб таҳсил олувчилар, ота-она қармоғидан маҳрум бўлганлар, кам таъминланган оила фарзандлари ва ногиронлиги бор талабалар биринчи навбатда ётоқхона билан таъминланди. Қолган 300 нафарига ижара уйлари топишга кўмаклашилди. Ётоқхоналаримизда 65 нафар талаба бепул, 128 нафар талаба 50 фоизли чегирма асосида истиқомат қилади.
2024-2025 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларининг талабалар тураржойига жойлашиш онлайн шаклда амалга оширилмоқда. Бунинг учун талабалар 1 августдан бошлаб ариза беради. Аризалар ўқув йили давомида ҳам қабул қилинади.
Бунда ёшлар устуворлик асосида талабалар тураржойига қабул қилинади. Биринчи навбатда, “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган йигит-қизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар жойлаштирилади. Сўнгра биринчи босқичда ўқийдиганлар, узоқ ҳудуддан келган юқори курс талабалари тураржой билан таъминланади.
Тураржой етмаганларга олий таълим муассасаси томонидан ташкил этилган марказ ходимлари ижара уйлари топиб беришга кўмаклашади. Масалан, олий таълим муассасаси атрофидаги уйлар масъуллар иштирокида кўздан кечирилиб, талабаларни ижарага қўйиш истагини билдирган хонадон эгаларидан иборат рўйхат шакллантирилади ва QR-код орқали ижара хонадонлари ҳақида тўлиқ маълумот берилади.
Аммо турар жойга бўлган эҳтиёжнинг кўплигидан яқин туманларда яшовчи талабаларнинг кўпчилиги бугун шахсий машинада ёки таксида ўқишга қатнайди. Ўқув йили бошланиши билан йўлларда содир бўлаётган тирбандликларнинг сабаби ҳам шунда.
Самарқанд давлат тиббиёт университетида 13 мингдан ортиқ ёшлар ўқишини ҳисобга олсак, жами 3600 ўринли талабалар тураржойлари камлик қилади, албатта. Қолган 9400 нафар талабанинг 400 нафари уйидан ёки қариндошиникида туриб қатнаган тақдирда ҳам 9 минг нафари ижара уйларда яшайди.
Самарқанд шаҳрида энг катта олий таълим муассасаларидан бири Самарқанд давлат университети бўлиб, унда 16 мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда.
Бугун университетнинг 948 ўринли 3 та давлат ҳамда 1550 ўринли 4 та давлат-хусусий шериклик асосидаги талабалар тураржойи мавжуд. Бу йил талабалар тураржойига 2593 та ариза келиб тушган. Улардан 948 нафари ётоқхоналар билан таъминланган. Қолганлар давлат-хусусий шериклик асосидаги талабалар тураржойига ва ижара хонадонларига жойлаштирилган. 2564 нафар талабага ижара уйлари топиб берилган.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида 844 ўринли 2 та давлат тасарруфидаги ҳамда 750 ўринли 2 та давлат-хусусий шериклик асосидаги талабалар тураржойи мавжуд.
Университетнинг кундузги таълим шаклида 3307 нафар талаба таҳсил олмоқда. Олий таълим муассасининг талабалар тураржойига ҳозирда 844 нафар ўринга 892 та ариза келиб тушган. 1394 нафар талаба давлат ва ДХШ асосида қурилган талабалар тураржойларига, 492 нафар талаба ижара хонадонларига жойлаштирилган. Улардан 123 нафари 50 ва 10 фоизлик имтиёз асосида университет ётоқхонасида истиқомат қилмоқда. Имтиёзли тўлов талабаларнинг ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб белгиланади.
Шу ўринда айтиш керак, давлат-хусусий шериклик асосидаги талабалар тураржойларида онлайн қабул йўқ. Талабалар тураржойини бориб кўриб, сўнгра ариза бериб жойлашади. Ижара уйларида эса талабалар тураржойларидагидек шароит бўлмаслиги мумкин.
Тўғри, кейинги йилларда вилоятда давлат-хусусий шериклик асосида талабалар тураржойлари қурилди ва қурилмоқда. Аммо талабалар сафи ҳам йилдан йилга кенгаймоқда ва бу масала муаммолигича қоляпти. Ҳар бир олий ўқув юрти талабаларининг ҳеч бўлмаганда, 50 фоизини зарур шароитга эга тураржой билан таъминласак, мақсадга мувофиқ бўлармиди?!
Хуршида ЭРНАЗАРОВА,
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ (сурат).