Талабалар учун турар жой муаммо бўлмайди
Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида бу жараёнга пухта ҳозирлик кўрилди ва талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилди.
Жумладан, институтда талабалар ва уларнинг ота-оналарини кутиб оладиган, уларга зарур кўрсатма ва маълумотлар берадиган масъуллар белгиланди.
Ижара хонадонлари бўйича маълумотлар марказларининг эрталаб соат 08:00 дан кеч соат 20:00 гача ишлаши ташкил этилган ва ҳар бир факультетнинг декан ўринбосари ҳамда 10 нафар тажрибали волонтёрлар фаолият кўрсатмоқда.
Ижара хонадонлари тўғрисидаги маълумотлар электрон шаклда инфокиоскаларда акс этиб туришини, мурожаат қилган талабани тезда ижара хонадонига жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, 1-курслар сонига қараб олдиндан ижара хонадонлари тайёрлаб қўйилди. Талабаларга институт расмий веб-сайти, телеграм каналлари орқали ижара уйлари ҳақидаги маълумотларни (манзили, хонадон эгасининг исми, шарифи, телефони, ижара уйнинг нархи кўрсатилган ҳолда) эълон қилиб, 1-курс талабалари учун ижара тўловининг бир қисми сентябрь ва октябрь ойларида ижара шартномасини талаб қилмасдан тўлаб берилиши каби имтиёзлар берилгани тушунтирилмоқда.
Институтнинг фуқаро ва меҳнат муҳофазаси бўлими, фавқулодда вазиятлар бўйича мутахассислари билан ҳамкорликда ижара хонадонларига бирма-бир бориб, ёнғин хавфсизлиги ва ижара хонадонларининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги назоратдан ўтказилмоқда ва ижара хонадонлари рўйхати яна бир карра текширилгандан кейин талабаларга тақдим этилмоқда.
Раҳимжон Норжигитов.