Тандир тўла ёпилди нон...
Нон – халқимиз учун тановул қилинадиган, озиқлантирадиган, куч берадиган оддий озуқадан ўзгача мақомдаги бир неъмат. Унинг ушоғини ҳам ўпиб, кўзига суртадиган ота-боболаримиздан мерос бир қадрият асосида тарбияланган авлодмиз.
Тандирдан узилаётган нончалик хушбўй ифор бўлмаса керак дунёда. Ва тандирда, чирсиллаб турган чўғда қизараётган нонни томоша қилишдан оладиган завқни, бу гўзалликни бошқа жойдан топиб кўрингчи. Тополмайсиз... Мақолада ноннинг мана шу сеҳри ҳақда сўз юритамиз.
Шунчаки емак эмас

У шунчаки емак эмас, уни азалдан муқаддас ришталар боғланиш, узоқ сафарга отланиш, қадрли инсонларни йўқлаш ва бошқа кўплаб ришталарни, боғлашда муҳим бир неъмат сифатида қадрлаб келади халқимиз. Фарзандларимиз улғайиб, уларни уйлаш ҳаракатига тушиб, келин излай бошлаймиз, рози-ризочиликдан сўнг, аввало, “нон синдириш” маросими билан яхши ниятда, янги ҳаётга пойдевор қўйилади. Бу ёшлар насиб этиб, фарзандли бўлишса, бешик ёстиқчаси ёнига кулча нон қўяди момоларимиз, болажоннинг ризқи бутун бўлсин, деган яхши ниятлар билан. Қадам ташлай бошласа ҳам кулча ёпиб, бўғирсоқ пишириб, қўни-қўшнига тарқатилади. Қадамлари қутлуғ бўлсин, дея кўнглимиз ёришади. Сафарга отланаётган кишиларга нон тишлатади, қўлига бир жуфт нон тутқазади оналар.
Ҳа, нон билан боғлиқ бундай маросимларимиз жуда кўп. Энг муҳими, ҳар биримизнинг хотираларимизда нон ҳиди, таъми, пиширилиши билан боғлиқ шириндан-ширин, тотли, эсласак энтикадиган воқеаларимиз бор. Ҳатто кўнгли қаттиқ инсонлар ҳам бундай ҳолатлар билан ишим йўқ, деса-да эсласа, нон билан боғлиқ илиқ хотиралари юзага чиқаверади.
Нон пишган уйда гиналар унутилади

Яқинда қайсидир бир халқнинг ҳикматли фикрлари орасида “Нон пишган оилада барака бўлади, оила боши шу рўзғордан бошқасига кетмайди”, деган фикрларни ўқиб қолдим. Рост, нон ҳиди оилани жипслаштирадиган, аҳилликка ундайдиган энг сеҳрли бўйлардан бири. Аслида бир оилада, айниқса, бир нечта фарзандлар улғайиб, камол топаётган хонадонда бирликни, тотувликни сақлаб юриш осон юмуш эмас. Гарчи бир қориндан талашиб тушган бўлса-да, улғайгач, кези келганда фарзандларинг билан қарашларинг ҳам тўғри келмай қолиши мумкин. Нимадир келишмовчиликлар, тушунмовчиликлар келиб чиқиши табиий ҳол.
Эсимда, келинлик пайтимда оиламизда шундай тушунмовчиликлар бўлиб қолса, қайнонам ҳеч кимга ортиқча танбеҳ бермас, дарҳол хамир қоришга уннаб кетардилар. Гарчи алоҳида яшаса-да, катта фарзандлари оиласидаги гап-сўзларни сезардими, уларга қўнғироқ қилардилар.
- Болам, нон ёпяпман, келин, болаларни олиб... тушликка келинглара...
Эр-хотин гаплашмай юрган бўлса-да, онани гапини икки қилиб бўлмайди, иккиси болаларини олиб, бир-бирига аччиқ-тизиқ қилиб, ота ҳовлига кириб борарди.
Ота ҳовлида эса тандирда гуриллаб олов ёнаётган, она ошхонада меҳр билан нон ясаётган бўларди. Келин бу юмушларга қарашган, ўғил болаларига парвона бўлиб қолади. Тандир оқариши билан нонлар тандирга ёпилар, онанинг юзи чўғ тафтидан қип-қизил бўлиб, болаларига меҳр билан тикиларди. Ахир унга уларнинг иноқ яшашидан бўлак нима керак. Бири гапирганда, бири тўхтаса бўлдида. Нон ёпаётиб, шу гапларни келинига айтиб олди. Тандирда нон қизара бошлайди, она нонларни юзига сув сепади, ундан таралаётган нон исига ўралашган тутун ҳиди димоқни қитиқлайди. Беихтиёр бундан ёқимли ҳид бормикан, дунёда, деб юборасан.
- Ая, нонлар бугун бошқача чиройли чиқибдими, - дейди келиннинг чеҳраси очилиб, гиналарни унутиб.
- Отанг яхши ун танлабдида, - дейди она гўё ҳаммаси оилабоши, у хонадонга келтирган бир қоп ун туфайли бўлаётган, унинг бу заҳматлари арзимасдай маънони юклатиб фикрига.
Мўъжазгина дастурхон атрофига ўғиллару, келинлар, бола-бақра йиғилади, ўртадаги иккита иссиқ нон ўртасида сариёғ эриб, ҳовури чиқиб турганини кўрган болалар чувиллашиб, “менгаям” дея қўл чўзади. Ҳамманинг қўлида бўлак нон, битта нонга узалиб, сариёққа ботириб, иштаҳа билан ким пиёзли, ким гўштли, ким оддий нондан тановул қила бошлайди.
- Ма, мана бу нондан еб кўргин, сен ёқтиргандай “читирлаб” турибди, - келинига нон узатади қайнонаси. Ҳамма бир-бирига меҳр билан қарайди, шу тахлит гина-кудуратлар унутилиб, ҳамма ўз уйига тарқалади...
Ташриф қоғозимиз
Нон бошқа миллатлар учун билмадиму, аммо бизнинг халқ учун ана шундай, жуда кўп муносабатларни тиклайдиган, меҳмоннавозлигу, дийдор кўришиш, меҳр-оқибат, аҳилликни тиклайдиган бир восита сифатида улуғланадиган неъматга айланиб улгурганди. Бир оиладаги муҳитда ноннинг аҳамиятини баъзида сезиб, баъзида сезмай улғаямиз. Аммо бугунга келиб биз билган, кўрган бу қадриятлар бироз унутиляптими, деган фикрга борасиз. Афсуски, бугун ҳатто қишлоқларда ҳам уйлардаги тандирда нон ёпилмайётгани эшитаман. Эҳтимол, шунинг учун ҳам оиладаги меҳр, аҳилликка путур етаётгандир, деган хаёллар ҳам ўтади. Ким билади, дейсиз. Бу қадриятларни авлоддан-авлодга ўтказиш, бу занжирни узмаслик жуда муҳим жараён.
Уйда пиширилган нон бизга емак ва меҳр бўлса, жамият миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, унга юклатиладиган бошқа бир вазифалари ҳам борлигини сезасиз. Нон – бугун мамлакатлар, халқларнинг ўзига хос ташриф қоғозига айланиб бораётир. Кейинги йилларда уни алоҳида эътироф этиш, нон кўргазмалари ўтказиш ва бошқа қатор чоралар ташриф қоғозини бутун дунёга намойиш этиш баробарида қадриятларимизни асраб қолиш билан ҳам белгиланади. Бу қадрият ва таъмни халқаро миқёсда танитиш мақсадида юртимизда илк бор "Самарқанд нонлари" фестивали ўтказилди. Ушбу фестивал давомида мамлакатимиздаги 50 турдан зиёд ноёб нон турлари, нон пишириш бўйича усталардан маҳорат дарслари, қадимий тандирларда нон тайёрлаш жараёнлари, ҳунармандчилик ва шарқ ширинликлари кўргазмалари намойиш этилди.
“Самарқанд нони” ўз мақомига эга бўлди
Муҳим янгиликлардан бири "Самарқанд нони" географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши бўлди. Бу нима дегани ўзи?
"Географик кўрсаткичлар тўғрисида"ги Қонунга кўра, товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилиб, унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.
Адлия вазирлиги географик кўрсаткичларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади. Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ва "Интеллектуал мулк маркази" давлат муассасасининг кўмаги билан жорий йил дунёга машҳур "Самарқанд нони" географик кўрсаткич сифатида Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Уч йилгача сақлаш мумкин
- Самарқанд дейилганда, қадимий шаҳарнинг бир неча асрлик тарихий обидалари билан бирга қуёшга менгзалган нонлари кўз олдимизга келади, - дейди Самарқанд туризм коллежи ўқитувчиси, нон ва нон маҳсулотлари мутахассиси Дилафрўз Қурбонова. - Бу ноннинг ўзига хос мазаси, кўриниши, сифати неча замонларки, барчани ҳайратлантиради. Галаосиё маҳалласининг аҳолиси новвойлик билан шуғулланади. Бунинг ҳам ўзига хос тарихи бор. Маҳалладан қадимдан Сиёб ва Оби Раҳмат ариқлари ўтган. Улар тезоқар ариқ бўлиб, баъзи жойлари баланддан пастга қараб тушади. Шу боис бу ерда тегирмонлар кўп бўлган. Тегирмончилар янчилган буғдой чангини йиғиб, алоҳида халтага солган ва ўзлари нон қилиб ейишган. Ажабланарлиси, бу ундан тайёрланган нон бошқа жойларда галаосиёникидек чиройли, шаклдор ва мазали чиқмаган. Аста-секин маҳаллада тегирмончилардан новвойлар авлоди, сулоласи шаклланган. Бугунги кунда Самарқандда кенг тарқалган, севиб истеъмол қилинадиган нон турлари орасида осиёи нони, ширмой нон, уй нони, оби-нон, гижда нон, жиззали нон, патир нон, қатпатир нони, зоғора нони, ёғли кулча, лочира нон, қозон патир, ширмой патирни, кўк патир ва бошқаларни санаш мумкин. Самарқанд ноннинг 20 хили бўлиб, улар бир-биридан хамиртурушининг рецептураси, хамирнинг тайёрланиши ноннинг ясалиши ва нақшлари жиҳатидан фарқ қилади.
Ҳозиргача ҳам ҳеч ким Самарқанддан Самарқанд нонисиз келмайди. Айтишларича, ҳақиқий Самарқанд нони 3 йилгача айнимас экан. Уни анча вақтдан кейин ҳам юзига сув пуркаб, тандир ёки печда иситиб тановвул қилиш мумкин. Самарқанд нонларида хамирни тайёрлаш муҳим ўрин тутади. Самарқанд нони асосан қўлда тайёрлангани сабабли кўп қўл меҳнатини талаб қилади. Аммо шундай бўлишига қарамай, бу ишни давом эттираётган сулолалар кўпчиликни ташкил этади.
Мақолани ёзар эканман, оммавий ахборот воситаларида яна бир яхши хабар тарқалди. Эмишки, ўзбек нони дунёнинг энг яхши 50 нони рўйхатига киритилибди. “CNN Travel портали дунёдаги энг яхши 50 нон рўйхатини эълон қилди, улар орасида ўзбек нони ҳам бор. Ушбу рўйхат эълон қилинган мақола изоҳида айтилишича, гул ва нақшлар билан безатиладиган, тандирда ёпиладиган ўзбек нони таъми, тайёрланиш усули ва кўриниши билан ажралиб туради. Ўзбекистонда ҳар бир ҳудуднинг нони ўзига хос шакл ва мазага эга эканлиги қайд этилган. Рўйхатдан шунингдек, арман лаваши, италян фокаччаси, француз багети, гуржи хачапуриси, рус каравийи ва япон мелонпани ҳам ўрин олган”.
Нима ҳам дердик, тандири бор хонадонлар кўпайсин, ноннинг тотли ифори уйимиздан аримасин, илоҳим!
Гулруҳ Мўминова.