Тарбияни японлардан ўрганайлик ёхуд аввал ўзингизни, кейин болангизни тарбияланг!

Баъзи халқларнинг жуда тартиб-интизомли эканини эшитиб, бунга улар қандай эришган экан, деб ўйлайман. Масалан, Япония футбол майдонлари ўйиндан кейин ҳам топ-тоза бўлиб тураркан. Томошабинлар ўйингоҳга писта пўчоғи, бўшаган идишлару егулик қолдиқлари ташлаб кетишмайди. Германия кўчаларида ҳатто тупуриш жуда уят ҳисобланаркан. Хўш, бизда-чи?

Бундан икки йил аввал Самарқанд шаҳри Қорасув масканида 12-16 қаватли уйлар эгаларига топширилганида уй соҳиблари атрофнинг кўкаламлиги, озодалиги, уйларнинг таъмиридан қувонганди. Ҳақиқатда бир-биридан кўркам бинолар, уйлар атрофига экилган гул, майса ва дарахтлар янги маҳаллага ўзгача чирой бахш этарди. Бу ерга аҳоли кўчиб кела бошлагач, ҳаммаси ўзгарди. Айримлар қўлидаги бўшаган идиш, егулик қоғозини дуч келган ерга ташлаб кетяпти. Уйлар атрофидаги кўм-кўк майсаларни болалар босиб ташлади, айрим дарахтларни синдирди. Подъезд ва лифтларнинг ичига қараб бўлмай қолди.

Лифт ичига нос тупуриб кетарди...

Дарҳол бирор чора кўришимиз керак эди. Биз, қўшнилар телеграмда группа очиб, уйимиз атрофи, подъезд, лифт ва зиналарни озода тутиш бўйича маслаҳат қила бошладик. Буни кимдир тушунди, кимдир қулоқ ҳам солмади. Маҳалламизда “Нур шарқ тесс” бошқарув сервис ташкилоти иш бошлагач, кўп қаватли уйимиз бироз тартибга тушиб қолди. Аммо шу пайтгача биринчи қаватимиз подъезди 4-5 марта оқланди, негаки деворларни болалар кир қўли билан ушлаб, доғ қилиб ташлаяпти. Камига каттароқ ёшдаги болалар расм чизиб, исмини ёзиб, ҳатто оёғининг изини қолдириб кетяпти.

Ҳар подъездда иккитадан лифт бўлиб, кичик лифтни ҳаракатлантириш учун босиладиган тугма қаттиқ босилганидан ичига тушиб кетган. Яхшиям “Нур шарқ тесс” бошқарув сервис ташкилоти ҳар бир лифтга чип ўрнатди. Акс ҳолда кўп қаватли уйларнинг лифтлари болалар ўйнайдиган аттракционга айланганди. Болалар лифтнинг биридан чиқиб, иккинчисидан тушиб, бир-бири билан қувлашмачоқ ўйнашарди. Лифт ичидаги ойналарни артиб тозалаб бўлмасди, бир кунда яна шу аҳволга қайтарди. Ҳатто катталар лифтнинг ичига нос тупуриб кетарди. Шукрки, лифтлар ичига камералар ўрнатилди. Уйимиз олдида шинамгина болалар майдончаси бўлгани ҳолда айрим болалар подъезд ичида қувлашмачоқ ўйнаб, балкон эшикларининг ойналарини бир-неча бор синдириб кетди.

Яқинда бир бола йўлак четидаги чироқларни муштлаб кетаётганини кўриб қолдим. Қарасам, анча-мунча чироқлар ёрилган, синган, қолганини ҳам ишдан чиқариш мақсадида гоҳ қўли, гоҳ оёғи билан тепиб кетяпти. Югуриб бориб, болага танбеҳ бердим.

Бир куни ишдан қайтаётсам, аёл киши 10-12 ёшдаги қизи билан кетаётган экан. Қиз қўлидаги бўшаган идишни кўп қаватли уй орқасига отиб юборди.

-  Уй атрофи сенга чиқинди ташлайдиган жойми? Ана , уй олдида чиқинди ташлайдиган идишлар бор-ку. Ол, ташлаган нарсангни, – дедим.

Аёл ҳам, қиз ҳам пинагини бузмади, гапларимни эшитмагандек йўлида давом этиб кетишди. Онада йўқ тарбия боласига ўтармиди...

 Одамлар тепадан ювинди ташлайди

Биринчи қаватда яшайдиган қўшнимиз Бахтиёр ака ҳар куни уй атрофидагичиқиндини териб чиқади.

- Деразадан уйимиз атрофидаги чиқиндилар жуда хунук кўринади. Чидай олмаганимдан чиқиб тераман, - дейди у. – Тепадан чиқинди ташлайдиганлар ҳам бор, неча марта телеграм гуруҳида айтдим, огоҳлантирдим, шунда ҳам ёғли ювиндини кимдир майсалар устига ташлаяпти.

Уйимиз орқа томонида иккита фаввора бор. Ёзнинг жазирама кунларида аҳоли кечки пайт шу ерда дам олади. Бу йил ёзда фавворалар деярли ишламади, бунга ҳам одамларнинг ўзлари айбдор. Сабаби, фавворалар ишга тушгач, болалар ва айрим катталар ҳам қўлидаги чиқиндисини сувга улоқтириб кетади. Буям камдек, болалар ичига тушиб чўмилади. Икки кунда фаввора ичи чиқиндига тўлади. Бўшаган идишлар тепада, чўкадиган чиқиндилар сув тагида йиғилади. Ҳатто сувга қоғоз, салфетка ташланаётганидан сув айланиб турадиган трубалар тиқилиб қолаётган эмиш.

Барака эшикдан киради

Ҳолбуки, бугун масканда чиқинди ташлайдиган идишлар ҳар бир кўп қаватли уйлар ва дўконлар олдига ўрнатилган. Бугун янги масканнинг озодалигини сақлашимиз учун айрим катталарнинг тарбияга муҳтожлигини кўряпмиз. Оналар боласини назоратсиз қўйиб юбориб, ўзлари ўриндиқларда гап сотиб ўтиради. Лоақал китоб ўқиб ўтирганини кўрмайсиз. Баъзи аёллар куни билан ташқарида ғийбат қилиб ўтиради-ю, эшигининг олди, подъезд ва зиналарни артмайди. Бизга катталар: “Барака эшикдан киради, болам. Доим уйинг атрофи уйинг ичи каби тоза бўлиши керак, акс ҳолда фаришталар кирмайди”, деб ўргатишган.

Қорасув масканида яратилган барча шарт-шароитлар одамларнинг фаровон яшаши учун барпо этилган. Нега биз буни қадрига етмаяпмиз? Ахир айрим ҳайвонлар ҳам думи билан атрофини супуриб туради.

Юқорида гапни бежиз япон халқидан бошламадим. Уларнинг мактабларида фаррошлар йўқ, ўқувчиларнинг ўзлари дарсдан сўнг синфхонани тозалайди. Бундай усул уларни тозалик, интизом ва меҳнатга ўргатади. Қанийди, бизда ҳам мана шундай тартиб жорий этилса.

Хуршида Эрназарова.