Тарихдан тафаккурга, тафаккурдан маънавиятга

“Бундан йигирма йилча аввал тарихчи дўстим Амриддин Бердимуродов билан Амир Темур ҳақида ҳужжатли фильм қилмоқчи бўлдик…”.

Таниқли журналист ва адиб Фармон Тошевнинг “Уйғотади қуёшни ҳар тонг” китобидаги ушбу жумлани ўқир экансиз, беихтиёр бугунги кун ҳақида ўйлаб қоласиз.
Бир пайтлар тарихни, буюк сиймоларни, миллат хотирасини экран орқали халқ қалбига олиб кириш орзуси билан яшаган ижодкорлар кўп эди. Бугун эса акси, ижодкорларнинг асосий ташвиши - кўпроқ томоша йиғадиган, реклама берувчининг эътиборини тортадиган контент тайёрлаш.
Ёки муаллифнинг “Ақлдан нақлга, нақлдан ақлга” тўпламидаги мана бу тўртликка эътибор беринг:
Қалдирғоч ин қурмоқчи эди,
Хонадон эгаси қувлаб солди.
Ғофил билмас ушбу ишидан,
Уй ҳайҳотдай ҳувиллаб қолди.
Бу сатрлар фақат қуш ҳақида эмас. Бугун орамизда қалдирғоч қолиб, ўз жигарини, бир қориндан туғилган ака укасини ота ҳовлисидан қувиб чиқаришга уринаётганлар йўқми? “Қалдирғоч” кетган уй қандай ҳувиллаб қолса, меҳр-оқибат тарк этган қалб ҳам шундай бўшаб қолмайдими?
Ана шундай чуқур фалсафий мушоҳадалар устоз журналист Ф.Тошевнинг яқинда нашр этилган “Уйғотади қуёшни ҳар тонг” ҳамда “Ақлдан нақлга, нақлдан ақлга” китобларини ўқишга арзигулик асарлар қаторига қўшади.
Биринчи китоб эссе ва шеърлардан иборат бўлиб, унда Самарқанднинг тарихий қиёфаси, Ватанга муҳаббат, аждодлар мероси ва бунёдкорлик ғоялари бадиий талқин этилади. Иккинчи тўплам эса рубоий ва ҳикматли тўртликлар орқали инсонни эзгуликка, тафаккурга ва комилликка чорлайди…
Албатта ўқинг!