Тармоқ касаба уюшмаси иқтидорли ёшларни оталиққа олади
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясида Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ҳамда мазкур соҳага алоқадор вазирликлар, жамоат ташкилотлари ҳамда ижодий уюшмалар ўртасида тармоқ келишувларини имзолашга бағишланган тадбир ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, “Ўзбеккино” давлат унитар корхонаси, Бадиий академия мутасаддилари, тармоқ касаба уюшмаси фаоллари, маданият, спорт ва санъат соҳаси фахрийлари иштирок этди.
Касаба уюшмалари фаоллигини ошириш, маданият, спорт ва туризм соҳасида меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида ўтган 2020 йилнинг сентябрь ойида Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ташкил этилган эди. Қисқа вақт ичида мазкур тармоқ касаба уюшмаси 1173 та бошланғич ташкилотни ҳамда тармоқ ташкилот ва муассасаларида меҳнат қилаётган 91 минг 329 нафар маданият, спорт ва туризм соҳалари ходимларини бирлаштиришга муваффақ бўлди.
Тадбирда тармоқ касаба уюшмаси республика кенгаши ҳамда ижтимоий шериклар ўртасида тармоқни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, меҳнат шартлари ва унга ҳақ тўлаш, ходимларнинг ижтимоий кафолатларини белгилаб берувчи тармоқ келишувлари имзоланди.
Мазкур тармоқ келишувларига маданият, кино ва тасвирий санъат тизимида фаолият олиб бораётган ходимларни рағбатлантириб бориш, соҳага малакали мутахассисларни жалб этиш мақсадида меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш, ходимларга уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашиш, соҳа вакилларининг халқаро лойиҳалардаги иштирокини таъминлаш орқали тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш каби долзарб масалалар киритилган.
Шунингдек, тармоқ келишувларига кино саноати, номоддий маданий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган халқ ижодиёти, тасвирий санъат йўналишларидаги энг ёрқин асарларни халқаро ареналарга олиб чиқиш, ҳар йили туризм соҳасида илғор натижаларга эришган ходимларга ҳордик чиқариши, соғлигини тиклаши учун касаба уюшмалари сиҳатгоҳларига имтиёзли йўлланмалар ажратиш, маданият ва санъат соҳаси ходимлари учун соғломлаштириш марказини ташкил этиш, маданият ва санъат йўналишидаги олийгоҳлар талабаларининг хорижий давлатлардаги нуфузли олий ўқув юртларида ўқув амалиётини ўташларига эришиш каби масалалар киритилган.
Бундан ташқари, иқтидорли ёшларни оталиққа олиш, уларнинг дунё саҳнасига чиқишига кўмак бериш, ўқув йили давомида мувоффақиятларга эришган қобилиятли ва ижтимоий-иқтисодий кўмакка муҳтож талабалар учун “Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси стипендияси”ни жорий этиш йўналишларидаги ишларни амалга ошириш ҳам келишиб олинди.
Тармоқ келишувларининг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, уларда кўп йиллар мобайнида меҳнат қилиб, халқ эътиборини қозонган, юртимиз маданияти ва санъати ривожига ҳисса қўшган устоз-фахрийларга эътиборни кучайтириш, уларга ғамхўрлик ва эъзоз кўрсатиш масалалари ҳам ўз аксини топган. Хусусан, тармоқ келишувларига мувофиқ волонтёрларни жалб этган ҳолда якка-ёлғизлардан хабар олиш, туғилган кун ва касб байрамларида фахрийларни муносиб тақдирлаш, улар ҳаётидаги ижтимоий-маиший муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш, тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштириш мақсадида “Фахрийлар поездлари”ни ташкил этиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ахборот хизмати.