“Ташаббус-2021”да Самарқанд вилоятининг энг яхши тадбиркорлари аниқланди
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус-2021” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда туман-шаҳарларда биринчи ўринни эгаллаган 78 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд беллашди.
Бу йилги танловда тадбиркорлар “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши фермери”, “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” ва “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинацияларида иштирок этди.
Танлов аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж.Ўроқов иштирокчиларни табриклаб, уларга танловнинг республика босқичида ҳам омад тилади.
Бир йиллик танаффусдан сўнг ўтказилган танловда нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳам иштирок этди. Танловда илк бор қатнашаётган тадбиркорлар сони ҳам сезиларли равишда ошган.
- Биз 2017 йилда текстиль йўналишида 2 нафар ишчи билан оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошлагандик, - дейди “Ургут саноат сервис” оилавий корхонаси раҳбари Фазлиддин Салимов. – Ишимиз ривожланиб боравергач, Туркия ва Германиядан замонавий ускуналар келтириб эркаклар кўйлакларини тикишни бошладик. Ҳозирда 65 нафар ишчи билан “URGUTINI” бренди остида ички ва ташқи бозорларга сотяпмиз. Йилнинг ўтган 5 ойида маҳаллий хомашёдан Туркияга 500 миллион сўмлик маҳсулот экспорт қилдик. Йил якунигача эркаклар шимини тикишни йўлга қўйишни режалаштирганмиз.
“Ташаббус-2021” танлови иштирокчилари асосий йўналишлардан ташқари 11 та қўшимча номинациялар бўйича ҳам баҳоланди.
Якка тартибдаги тадбиркор Сирожиддин Бурхонов “Йилнинг энг яхши “Start- Up” лойиҳачиси”;
“Роҳат она чеварлари” оилавий корхонаси “Энг яхши оилавий бизнес”;
“Ургут Маъруфҳожи” масъулияти чекланган жамияти “Энг яхши инвестицион лойиҳа”;
“Кумуш тола” хусусий корхонаси “Энг яхши экспортчи”;
“Оқдарё ипаги” масъулияти чекланган жамияти “Ёшларга энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор”;
Бибиҳамида Хўжақулова “Энг яхши миллий бренд”;
“Hotel Zirabuloq Servis” масъулияти чекланган жамияти “Туризм соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси”;
“Булунғур Сандвик” агрофирмаси “Энг яхши тадбиркорлик кластери”;
“Митан ёғду электрик” масъулияти чекланган жамияти “Йилнинг энг яхши маҳсулоти”;
Ҳасан Қурбонов “Энг яхши кўргазма намойиши”;
“Marokand Gold” корхонаси “Маҳалланинг ривожига энг кўп ҳисса қўшган тадбиркор” сифатида эътироф этилиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шундан сўнг асосий йўналишларда ғолиб деб топилганлар эълон қилинди.
“Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналишида
1-ўрин - “Mironkul Construction Materials” МЧЖ
2-ўрин - “Samarkand-England Eko Medikal” МЧЖ ҚК
3-ўрин - “Оспан Кар Инвест” МЧЖ
“Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”
1-ўрин - “Zarmed Pratiksha Hosptal Group” МЧЖ ҚК
2-ўрин - “Манзурабону” НТМ
3-ўрин – “Мироншоҳ Гранд - 2020” МЧЖ
“Йилнинг энг яхши фермери”,
1-ўрин - “Жомбой наслли парранда”
2-ўрин – “Озод Худойбердиев”
3-ўрин – “Қўрғон жилваси” фермер хўжалиги
“Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”
1-ўрин - “Ургут саноат сервис” оилавий корхонаси
2-ўрин - “Net Product Lux” МЧЖ
3-ўрин – “Жаҳонгир Бахт Плюс” МЧЖ
“Йилнинг энг яхши ҳунарманди”
1-ўрин - Шавкат Зоҳидов
2-ўрин - Жамол Эсонов
3-ўрин – Фарҳод Эргашев
Ҳар бир йўналишда биринчи ўринни эгаллаган тадбиркорлар “Ташаббус-2021” танловининг республика босқичида иштирок этиб, вилоятимиз шарафини ҳимоя қилади.
Ўктам Худойбердиев,
Бахтиёр Мустанов олган суратлар.