«Телефонингизни қолдириб киринг» талаби қонунийми? Адлия вазирлиги изоҳ берди
Айрим фуқаролар маълум корхона ва ташкилотларга мобил телефонларини олиб киришга тақиқ қўйилганига эътироз билдиришганини учратиб турамиз.
Мазкур масала юзасидан Адлия вазирлиги қуйидаги ҳуқуқий тушунтиришни эълон қилишни лозим топади.
Биринчидан, маълум ҳолларда тўғридан-тўғри қонун ҳужжати билан баъзи давлат органларининг биносига мобил телефонларни олиб кириш ёки ундан фойдаланиш чекланган.
Жумладан, суд бинолари, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 2981, 2018 йил 15 март) асосан суд биносига мобил телефон, фото ва видео қайд этиш воситаларини суд мажлисида раислик қилувчининг рухсатисиз олиб кириш тақиқланади.
Бироқ айрим тоифадаги шахслар борки, уларга давлат ташкилотлари биносига кириш учун чеклов белгиланмаган. Масалан, адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун, процессуал нормаларга қатъий риоя этган ҳолда суд биносига компьютер, мобил ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эгадир.
Иккинчидан, қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат органи ёки ташкилоти объект ички режимини ўзи мустақил белгилаш ҳуқуқига эга. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июлдаги 555-сон қарорига асосан объект маъмурияти кириб-чиқиш йўриқномасини ўзи тасдиқлайди. Шунга кўра, айрим давлат ташкилотлари биносига кириш учун мобил телефон олиб кириш билан боғлиқ чеклов белгиланган бўлиши мумкин.
Давлат органлари ва ташкилотлари жойлашган биноларга шахсий мобил телефонларни олиб кириш ички ва ахборот хавфсизликни таъминлаш, иш юритувидаги ошкор этилмайдиган маълумотларнинг бутлигини сақлаш мақсадларида чекланиши мумкин.
Давлат ташкилотларида ишловчи ходимларнинг ахборот махфийлигини сақлаш билан боғлиқ мажбуриятлари мансаб йўриқномалари ва шу каби бошқа лавозим вазифаларини белгиловчи ҳужжатларда кўрсатиб ўтилади. Шу сабабли ташкилотлар ўз ахборот хавфсизлиги сиёсатидан келиб чиқиб нафақат ташқаридан ташриф буюрувчилар, балки ўз ходимларига ҳам ишхоналарда мобил алоқа воситасидан фойдаланишга рухсат бериш ва аксинча тақиқлаш ҳуқуқига эга.
Учинчидан, ижтимоий муассасалар, жумладан мактаблар, шифохоналар, санаторийларда ҳам шахсий мобил телефонларни олиб кириш чекланиши мумкин. Бундан кўзланган мақсад таълим сифатини таъминлаш, таълим олувчилар ёки беморларнинг тинчлигини асраш, уларнинг хавфсизлигини таъминлашдир.
Аҳоли умумий фойдаланишига мўлжаланган биноларда (кутубхоналар, поездлар, театр, кинотеатр ва ҳоказо) телефонни олиб киришга эмас, балки ундан фойдаланиши билан боғлиқ чекловлар ҳам бошқа фуқароларга халақит қилмаслик нуқтаи назаридан белгиланиши мумкин.
Ҳаётий ушбу мисоллар турли-туман бўлиши мумкин, ҳуқуқий нуқтаи назардан эса бир хил муносабатларни тартибга солади ва ташкилотларнинг ушбу ваколатларга эга эканлигининг тасдиғидир.
Қонунчиликда ҳамма ҳолатларни олдиндан аниқлаб, барча чекловларни белгилаш ҳам қанчалик мақсадга мувофиқ, деган савол ҳам шунга боғлиқ. Чунки уларнинг турлари кўп ва ўзгариб туради. Шунинг учун ҳам мазкур масалани ҳал қилиш асосан (айрим ҳоллардан ташқари) ҳар бир ташкилотнинг ўзига ҳавола қилинган.
Тўртинчидан, давлат органлари ва ташкилотларининг биносига ташриф буюраётган шахслар билан мазкур давлат ташкилотлари ўртасидаги муносабатлари оммавий-ҳуқуқий (маъмурий) муносабатлар ҳисобланади.
Бу ерда гап фуқаронинг мулкида эмас, балки унинг давлат ташкилотига ташрифи ва белгиланган ички тартиб-қоидаларга амал қилиши ҳақида бормоқда.
Шунга кўра, давлат органларига жойлашган бинода фуқаролар томонидан бинога мобил телефонларини вақтинча топшириб кириши амалиёти фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларининг чекланишини англатмайди. Чунки мобил телефонни топширишни истамаган фуқаролар ўз шахсий мулкларини қолдириб келишлари мумкин.
Бешинчидан, хизмат хоналаридан ташқарида, яъни жамоат жойларида хизмат вазифасини ўтаётган ички ишлар ходимлари билан ўзаро муносабатни аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилиш мумкин (ички ишлар ходими томонидан фото ва видео тасвирга олиш тақиқланган белги мавжуд ҳудудларда хизмат олиб бориш ҳолатлари бундан мустасно).
Олтинчидан, жаҳон тажрибасига назар солсак, кўплаб давлатларда айнан ахборот ва ички хавфсизликни таъминлаш мақсадида ташкилотларда мобил телефонлардан фойдаланишда, фото ва видеога қайд этишда чекловлар мавжуд.
Кўплаб хусусий ва тижорат ташкилотлари биноларида ташриф буюрувчилар учун давлат ташкилотларига қараганда ҳам оғирроқ чекловлар мавжуд.
Масалан, АҚШнинг Федерал тартибга солиш тўғрисидаги кодексига кўра, хавфсизликни таъминлаш учун махсус қоидалар, кўрсатмалар ёки буйруқлар билан ёхуд суд қарори билан тақиқланган ҳудудларда суратга, видеога олиш ман этилади. Шу сабабли бундай ҳудудларга мобил телефон олиб кириш мумкин эмас.
АҚШда 2010 йилда машҳур суд ишида федерал органлар биносини ташқарисидан фуқаролар томонидан расмга олиш ҳуқуқи мавжудлиги тасдиқланган (Musumeci). Шунга қарамай, йўриқномага асосан ҳар бир ҳолатда бино ташқарисини расмга олаётган фуқаро олдига хизматчи бориб, суратга олиш сабабларига аниқлик киритиши лозим.
Шунингдек, АҚШ федерал суд залларида ҳам расмга олиш ва жараённи трансляция қилиш тақиқланади. Ўз навбатида, ҳаттоки, АҚШ почта бўлимларида ҳам расмга олиш учун махсус кўрсатмалар мавжуд. Унга кўра, ходимларнинг фаолиятига халақит бермаган ҳамда фуқароларга киришга рухсат этилган жойлардагина масъул шахснинг рухсати билан расмга олишга йўл қўйилади. Жумладан, почта бўлимларида олинган расмларда ходимларнинг, мижозларнинг ёки бўлимда ўрнатилган хавфсизлик камераларининг тасвири акс эттирилмаслиги керак.
Японияда эса давлат органларига телефон олиб кириш мумкин бўлса-да, унинг ёрдамида фото ва видеога қайд этиш тақиқланади.
Еттинчидан, давлат ташкилоти, мансабдор шахслар у ёки бу функцияни амалга ошираётганда фақатгина белгиланган қонун-қоидаларга риоя этиши лозим.
Агар шахснинг талаби қонуний бўлса, давлат ташкилотлари уни белгиланган тартибда ҳал қилишга, аксинча бўлса рад этишга мажбур.
Ушбу тартиблар, мажбуриятлар ва муносабатлар мобил телефонлар ва видеога олиш мосламалари ихтиро этилишидан олдин ҳам мавжуд бўлган. Бундан ташқари, шахс ўз талаби ноқонуний рад этилган деб, унга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракат содир этилган деб ҳисобласа, уни рўёбга чиқаришнинг бошқа қонуний усуллари (юқори ташкилотга ёки судга шикоят қилиш) мавжуд.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида узлуксиз видеокузатув тизими кенг тарқалмоқда. Жумладан, сўроқ қилиш жараёнининг видеоқайд этилишини таъминлаш мақсадида барча терговчи ва суриштирувчилар веб-камералар билан таъминланган. Сўроқ қилиш ва бошқа тергов ҳаракатларини аудио ва видеоқайд этиш тизимлари билан жиҳозлаш ишлари бошлаб юборилган.
Юқоридагиларга кўра, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан мобил телефон, фото ва видео қайд этиш воситаларининг олиб кирилишини тақиқлаш бўйича белгиланган талаблар амалдаги қонун ҳужжатларига зид эмаслигини, бу ҳаракатлар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг бирон-бир тарзда чекламаслигини маълум қиламиз.
Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари биноларининг фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишга мўлжалланган қисмларида (хизмат кўрсатиш заллари, фуқаролар кутиш ва қабул қилиш хоналарида) давлат органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги тамойиллардан келиб чиқиб, телефондан фойдаланишга рухсат бериш тавсия қилинади.
Адлия вазирлигининг мазкур тушунтириши масаланинг ҳуқуқий томонини очиб беришга қаратилган. Шу билан бирга, барча оммавий ахборот воситаларига, блогерларга мазкур тушунтиришни тўлалигича, алоҳида сўз ва жумлаларни матндан ажратиб олмасдан жамоатчиликка етказишларини сўраймиз.
Маълумот ўрнида: Адлия вазирлиги тизимида, нотариат идораларда, давлат хизматлари марказларида фуқаролар томонидан аудио ва видео мосламаларни ишлатишга рухсат этилган.