Темир панжара орасига қисилиб қолган қизчага ўз вақтида ёрдам кўрсатилди

Жорий йилнинг 30 июнь куни соат 21.35 да Сурхондарё вилояти ФВБ тезкор навбатчилик қисмига, фуқаро Ў.Ж. томонидан, Термиз шаҳар Ўзбегим тўйхонаси олдида қизининг оёғи ариқ устига ётқизилган темир панжара орасига тушиб қисилиб қолганлиги ва уни чиқариб олиш бўйича мурожаати келиб тушди.

Мазкур вазият юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қутқарув отряди командири лейтенант А.Утибаев бошчилигидаги навбатчи гуруҳи тезкорлик билан воқеа жойига етиб борди.
Маълум бўлишича, қизча ариқдан ўтаётганда оёғи тўсатдан панжара орасига тушиб қолган. Махсус асбоб-анжомлар ёрдамида қилинган саъй-ҳаракатлар натижасида қизчанинг оёғи ҳеч қандай тан жароҳатларсиз темир панжара орасидан чиқариб олинди ва ота-онасига топширилди.