Темурийлар меъморчилигининг бебаҳо дурдонаси Самарқандда намойиш этилмоқда

Соҳибқирон Амир Темур раҳбарлиги ва ҳомийлигида бунёд этилган Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси Туркистон шаҳридаги ўрта аср меъморчилигининг ажойиб ёдгорлигидир.

Туркий шоир, сўфийлик тариқатининг асосчиси Аҳмад Яссавий қабрида қад ростлаган мақбара ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Қозоғистондаги биринчи объект.

Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида ташкил “Самовий кошинлар сири” кўргазмасида Амир Темур даври меъморчилигининг ёрқин намунаси ва Марказий Осиёнинг маънавий-маданий анъаналарини ифодалайдиган ёдгорликнинг эпиграфик безаклари ва ноёб экспонатлар намойиш этилди.

Кўргазма очилишида Қозоғистоннинг Самарқанддаги Бош консули Талгат Шарипов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев ҳамда қозоғистонлик музейшунослар иштирок этиб, ёдгорликнинг аҳамияти, геометрик куфий ва сулс хатларида битилган Қуръон оятлари, ҳадислар ва Аҳмад Яссавий ҳикматлари нафақат санъат намунаси, балки чуқур маънавий мазмунга эга ёзувлар эканини қайд этишди.

- Яссавий мақбарасидаги ҳикматлар ва эпиграфик безаклар фақат бадиий жиҳатдан эмас, балки инсонни тафаккурга чорлайдиган, уни маънавий камолот сари етаклайдиган муҳим манбалар, — дейди Ҳазрати Султон миллий музей-қўриқхонаси директори ўринбосари Аҳмед Сисенбай. — Ушбу ёдгорлик туркий халқларнинг умумий тарихий илдизлари ва маданий муштараклигини яққол намоён этади. Бу эса халқларимиз ўртасидаги маънавий яқинликни янада мустаҳкамлайди. Шу боис бу бебаҳо меросни биргаликда ўрганиш, тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш ишларини давом эттириш керак.

Кўргазма доирасида султон саройининг кўриниши, мақбара қурилишида ишлатилган ғиштнинг асл намунаси, Соҳибқирон томонидан саройга ҳадя қилинган туғнинг нусхаси ва бошқа ноёб экспонатлар намойиш этилмоқда.