“Тенге илув”: Ўзбек чавандозлари жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этди

Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида ги марказий ипподромда этноспортнинг “Тенге илув” йўналиши бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.

Таъкидлаш ўринлики, “Тенге илув” — қадимий миллий от спорти турларидан бири бўлиб, у асосан Марказий Осиё халқлари орасида кенг тарқалган. Мазкур ўйин чавандоздан юқори даражадаги жисмоний тайёргарлик, чаққонлик, мувозанат ва жасоратни талаб қилади. Мусобақа жараёнида чавандоз отни катта тезликда бошқарган ҳолда ерда ётган танга ёки махсус буюмни эгилиб олиши керак бўлади. Шу жиҳати билан “Тенге илув” нафақат спорт, балки ҳақиқий маҳорат ва ироданинг синови ҳисобланади.

Тарихий манбаларга кўра, ушбу ўйин қадим замонларда жангчиларнинг чаққонлиги ва от устидаги маҳоратини ошириш мақсадида машқ сифатида шаклланган. Кейинчалик эса халқ ўйини ва миллий мусобақа сифатида ривожланиб, бугунги кунда этноспортнинг энг машҳур йўналишларидан бирига айланди.

Тенге илув” йўналиши бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон, Афғонистон, Қирғиз Республикаси, Хитой, Мўғулистон, Россия Федерацияси, Туркманистон ҳамда Қозоғистондан келган чавандозлар иштирок этиб, миллий от спортидаги маҳорати, жасорати ва юқори тезлигини намоён этдилар.

Мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган спортчилар орасида Наманган чавандозлар мактаби тарбияланувчиси Кодиржон Эгамбердиевнинг иштироки алоҳида эътирофга лойиқ бўлди. У жаҳон чемпионатининг кумуш медалига сазовор бўлиб, ўзбек миллий от спорти мактабининг салоҳиятини халқаро майдонда намоён қилди.

Эътиборли жиҳати, ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор аёл чавандозлар билан иштирок этди. Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси вакилалари Виктория Спицина ҳамда Мўмина Даминова жаҳон чемпионатида муносиб қатнашиб, халқаро тажриба орттирди.

Шубҳасиз, миллий ва анъанавий этноспорт турлари келгусида ҳам миллионлаб мухлисларни ўзига жалб этади. Бундай мусобақалар нафақат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, балки ёшлар маънавиятини юксалтириш, халқларнинг бой маданий меросини асраб-авайлашга ҳам хизмат қилади.

Эркин Абзалов,

Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси президенти маслаҳатчиси.