“Тентак"ка қачон борамиз? “Қўтирбулоққа-чи?”

Бугун йўналишсиз таксига миниб озгина хунобим ошди. Йўловчилардан бири ҳамманинг асабини зирқиратди-ёв. Телефон қулоғига ёпишиб қолган. Менимча, Россиядаги ўртоғи билан гаплашаётган бўлса керак. Ҳар иккита гапнинг биттасида русча сўз бор. “Биззи пахан рухсат бермаяпти”, “Домдагилар қандай”, «Любимчик қалай”, "Ҳалиям стройкадасизларми?”. Унинг гапи ҳеч ҳам тугамайди. Ҳалиям манзилига эртароқ келди шекилли машинадан тушди. Бўлмаса, бошқа йўловчилар манзилига етмасдан тушишга чоғланаётган эди...

 Аксарият мамлакатларда ўз тилини билишга фахр, ўзга тилни билишга эса зарурат сифатида қарашади. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Бизда-чи? Мана шу мувозанат қай даражада қарор топган?

Гапнинг дангалини айтадиган бўлсак, бу борада биз мақтанишга ҳаққимиз йўқ. Учта гапнинг бирида русча ишлатмасак бўлмай қолган. Бу тилимизга, миллатимизга бўлган ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.

Кўча-кўйга чиқинг, бирор киши билан суҳбатлашинг. Албатта, ана шу ғализ жумлаларга дуч келаверасиз. “Москвага тўйга бориб келяпман”, “Ленинградга тушириб кетасиз”, “Калининдаги мактабда семинар бўляпти”. Бу нима деган гап ахир? Маҳалла, қишлоқларнинг янгиланган номи бор-ку. Бу сўзларни ишлатаётган одамлар эс-ҳушини таниган инсонлар экани кишига ёмон таъсир қилади. Буни эшитган келажак авлод ана шуларни такрорламайди деб ким кафолат беради?

Энг ёмони, айрим қишлоқларимизга қўйилган номлар. Тентак, Қўтирбулоқ, Айри, Кўтаракал. Тўғри, бугунги кунда шунга ўхшаш қишлоқ номларини ўзгартириш бўйича ишлар олиб бориляпти. Аммо, суст.

Туманимизни бир айланиб кўринг. Тилимизга ёт бўлган сўзлар тўлиб-тошиб ётибди. Худди чет сўзлар билан ёзилган дўконда савдо зўр бўлиб кетадигандек. Муассасалар номи, пештоқлардаги ёзувлар, умуман, турли атамалар муаммоси мавжудлиги, энг аввало, зиммамиздаги вазифани унутиб қўйганимиз билан боғлиқ, деб ўйлайман.

Ҳусниддин Холдоров,

Пайариқ тумани.