Тест синовларининг биринчи куни: Самарқандда тўрт нафар абитуриент имтиҳондан четлатилди

Бугундан юртимизда давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар учун тест синовлари бошланди.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида еттита ёпиқ бинода тест синовлари 2 сменада ташкил этилди.

1-сменада тест синовларига қатнашиши керак бўлган 3660 нафар абитуриентдан 3331 нафари имтиҳонга келди. Қолган 329 нафар абитуриент турли сабабларга кўра имтиҳонга келмади. Тест синовларида бир нафар абитуриент ҳудудга киришда тақиқланган восита олиб киришга урингани, бир нафар абитуриент тақиқланган воситадан фойдаланишга урингани учун имтиҳондан четлатилди.

2-сменада 244 нафар абитуриент турли сабабларга кўра имтиҳонга келмади. Шунингдек, икки нафар абитуриент тақиқланган воситадан фойдаланишга урингани учун имтиҳондан четлатилди.

Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасаларига жами 91 475 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Тест синовларига 304 нафар гуруҳ назоратчиси жалб этилган.

Самарқандда тест синовлари 13 августгача (шу куни ҳам) давом этади.