Тестлар кечикаётгани, карантинга олиниш камайгани ҳолатлари ҳақида вилоят санитария эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Адҳам Баҳромов
Коронавирус хасталиги билан курашда Самарқандда кейинги пайтда қандай ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда? Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Марказнинг тўла қувват билан ишлашида қандай муаммолар бор? Шу каби саволлар билан Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори Адҳам БАҲРОМОВга мурожаат қилдик..
- Сиз айни мураккаб бир вазиятда, яъни аҳоли орасида коронавирус инфекцияси авж олган бир пайтда марказ раҳбари сифатида иш бошладингиз. Ҳар куни одамлар коронавирус инфекцияси билан боғлиқ янгилик кутаётган ташкилотда ишни биринчи навбатда нимадан бошладингиз?
- Биринчи навбатда ишни лабораториядаги аҳвол билан танишишдан бошладим. Бунинг сабаби аҳоли орасида тест натижаларини аниқлаш муддати, шунингдек, уни топшириш юзасидан мурожаатлар кўп бўляпти. Шунинг учун лабораториядаги жиҳозлар, уларнинг аҳволи, қолаверса, бошқа бўлимлар ҳамда ходимлар учун яратилган шарт-шароитни ўргандим. Тест натижалари жавоби узоқ куттираётганига сабаб марказ лабораториясида таҳлилни амалга оширишга мўлжалланган бор-йўғи иккита ускуна бор. Яқинда улар сони яна иккитага кўпаяди. Бир кунда ўртача 700 киши тест топшираётган ҳозирги кунда бу асбобларнинг етарли эмаслиги, табиийки, натижаларни узоқ вақт кутишга тўғри келмоқда. Яқин кунларда бу муаммо бартараф этилади.
- Туманлар миқёсида ҳам бу масала бўйича янгиликлар бўладими?
- Ҳозиргача узоқ туманларда олинган таҳлилни олиб келиш масаласида муаммолар бор эди. Шуни инобатга олган ҳолда вилоят ҳокими ташаббуси билан Каттақўрғон шаҳрида ҳам шундай лаборатория ташкил этилиши белгиланди. Ҳудудий лабораторияда Каттақўрғонга яқин туман аҳолиси тест топшириб, натижаларини олиши мумкин бўлади. Бу яқин ўн кун ичида рўй берадиган янгилик.
- Кейинги пайтда коронавирус инфекцияси аниқланган, улар билан алоқада бўлган одамлар карантинга олинмаяпти, деган гаплар кўп айтилмоқда. Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз.
- Тўғри, инфекция тарқалган илк паллада коронавирусга чалинган одамлар билан мулоқотга кирганлар ҳам карантинга олинган ва шу орқали унинг илк ташувчисини аниқлаш, иложи борича касаллик кенг тарқалиб кетишининг олдини олишга эътибор қаратилганди. Ҳозир бунинг фойдаси, қолаверса, иложи ҳам йўқ. Сабаби, коронавирусни юқтириш ҳолатлари бугун ўргимчак инидай турли ҳудудларда, турли муассасада, аҳоли орасида кўпайиб кетди. Айни паллада фақат инфекция юқтирганлар билан илк мулоқотда бўлганлардан тест таҳлиллари олиняпти ҳамда тест натижаси чиққунга қадар улар уй шароитида карантинга олиняпти. Айни пайтда мутахассис ва шифокорларнинг кучини кўпроқ касаллик юқтирганларни даволашга сарфлаш лозим.
- Аҳоли орасида тожли вирус белгилари намоён бўласа-да, аммо уларга ёрдам кўрсатилмаётгани, топширишдаги муаммолар тўғрисида кўплаб мурожаатлар бўляпти.
- Шу пайтга қадар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида фаолият юритганим учун баъзи мулоҳазаларни айтишим мумкин. Ҳақиқатан ҳам баъзи шифокорлар аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда сусткашлик қилган бўлиши мумкин, буни инкор этолмаймиз. Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Ушбу хасталик билан курашда шифокорларимизнинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан чарчаганини тан олиш керак. Ойлаб уйида бўлмаслик, доимий хавотир билан ишлаш ҳар қандай инсонни толиқтириб қўяди. Бугун аксар шифокорлар фидойилик билан ишлаяпти десам муболаға бўлмайди.
Тест топшириш масаласида юқорида таъкидлаганим сингари шу ҳафта ичида янгиликлар бўлиши кутилмоқда. Қўшимча ускуналар келтирилганда тест натижаларини ўз вақтида олиш имкони бўлади. Айни пайтда аҳоли орасида профилактика учун ҳам тест топшириш истагида бўлаётганлар кўп. Биз улар ичидан биринчи навбатда тиббий кўрсатмалари бор кишиларнинг тест таҳлилини тайёрлашни амалга оширмоқдамиз.
- Кеча Самарқандда 62 нафар беморлар уйда даволанаётгани маълум қилинди. Уйда даволанишнинг тартиб-қоидаси қандай?
- Вилоят бўйича оилавий поликлиникаларда 21 та мобиль гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, улар таркибида бир неча мутахассисликдаги шифокорлар бор. Поликлиникага Covid 19 аломатлари билан мурожаат қилган беморлар ҳузурига борган ушбу гуруҳ фақатгина беморнинг аҳволини кўриб қолмасдан, унинг шарт-шароити билан ҳам танишади. Биринчи ёрдамни кўрсатгач, ундан вирус бор-йўқлигини аниқлаш учун таҳлил олади. Уйда даволаниш учун имкон бўлса (бемор ўзини алоҳидалаш учун шароит) унинг хоҳиши билан бемор уйида даволаниши мумкин. Унга зарур дори-дармонлар етказиб берилади.
Вилоят ҳокими ташаббуси билан яқинда беморларга яна бир қулайлик яратилди. Самарқанд шаҳридаги, ҳар бири 120 ўринли иккита меҳмонхона айни кунларда провизор госпиталь вазифасини ўтамоқда. Яъни, юқори ҳароратли, вирус аломатлари бўлган беморлар меҳмонхонага келтириб, тест жавоби чиққунга қадар бир неча кун назоратда бўлади. Кейинги пайтларда ҳарорати чиққан ҳар бир инсон ўзини коронавирусга чалиндим, дея гумон қилиб, ваҳимага тушяпти. Тўғри, эҳтиёткорлик керак, аммо уларни дарҳол вирусга чалинганларни даволайдиган шифохонага олиб бориш ҳам нотўғри эканлиги тобора ойдинлашяпти. Тест натижалари чиққач бемор вирусни даволовчи муассасага ёки бошқа хасталиги бўлса, тегишли шифохонага, шамоллаш бўлса уйига жўнатилади. Икки-уч кун ҳарорати кўтарилиб, аммо уйида ҳеч кимга мурожаат қилмай, даволанаётганлар ҳам борлиги рост. Бу масалада бугун аҳоли албатта тегишли ҳудудий поликлиникасига мурожаат қилиши шарт.
- Аҳолига айни кунларда нима деб маслаҳат берган бўлардингиз?
- Касаллик тарқала бошлаган кезлари кўпчилик бунга эътиборсиз қараган, ҳатто бу касаллик борлигига шубҳа қилувчилар ҳам кўп эди. Гарчи ушбу хасталикнинг оқибатлари ҳақида доим гапирилса-да, аммо унга аҳамият беримади. Ҳозир ҳам улар кўп. Айниқса, карантин қоидалари юмшатилганда бемалол юзлаб одамларни чорлаб тўйлар қилишди, оддий талаб, ниқоб тақишга ҳам ҳафсала қилишмади. Ваҳоланки, биз ҳаммамиз синовдамиз, буни нафақат масъуллар, тиббиёт ходимлари, балки барча англаб етиши керак. Акс ҳолда касалликни енгишимиз мураккаблашиб бораверади. Ҳозирги имконимиздан келиб чиққан ҳолда иложи борича, клиник белгилар бор аҳолининг тест топшириши тарафдоримиз. Ҳақиқий беморларнинг ўрнини, вақтини йўқотмайлик.
Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.