Тиланчилик – Самарқанд юзидаги доғ. Бу ҳуқуқбузарлик жамоат тартибини бузишига йўл қўйилмайди

Бундай турдаги ҳуқуқбузарлик учун мингдан ортиқ одам ички ишлар бўлимларига келтирилган. Уларга тегишли тартибда жавобгарлик чоралари белгиланган.

Қайд этиш лозим, қонунчиликда тиланчилик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазоси белгиланган.

Бу ҳақда вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ бошлиғи Жонибек Самандаров иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Таъкидланганидек, патруль-пост хизмати жойларда жамоат тартибини сақлашда асосий хизмат органларидан бири. Шу боис вилоятда патруллик хизматини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шу жумладан, замонавий ахборот технологияларни жорий этиш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.

- Ҳудудидаги тезкор вазиятдан келиб чиқиб, патруль-пост хизмати батальони нарядлари Самарқанд, Ургут ва Паст Дарғом туманларига ҳамда ШҲТнинг навбатдаги саммити иштирокчилари ташрифи режалаштирилган объектлар атроф-ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлашга жалб этиб келинмоқда, - дейди Ж.Самандаров. – Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида нарядлар томонидан 23 та жиноят бевосита фош этилиши, 117 та жиноятнинг олди олиниши таъминланиб, 15 нафар жиноят содир этиб, қидирувда бўлган ҳамда 2 нафар бедарак йўқолган шахс аниқланди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этган 17317 нафар шахсга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

- Президентимизнинг 2021 йил 29 ноябрдаги“Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва амалга ошириш тўғрисида”ги фармони асосида Каттақўрғон шаҳрида Каттақўрғон шаҳри, Пахтачи, Каттақўрғон ва Нарпай туманларига хизмат кўрсатувчи патруль-пост хизмати бўлинмаси учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 25 та штат бирлиги ҳамда хизматда фойдаланиш учун 12 та автотранспорт воситаси ажратилиши режалаштирилган, - дейди Ж.Самандаров. - Шунингдек, вилоят ИИБ ЖХХ жамоат тартибини сақлаш бошқармаси патруль-пост хизмати батальони таркибида 11 нафар ходимдан иборат отлиқ гуруҳи ташкил этилди.

Ҳозирда патруль-пост хизмати ходимларини махсус ахборот базасига интеграция қилинган планшет ҳамда бодикамера билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

 

Ё.Марқаев.