Тили, урфи, байрами бошқачаАммо ҳаммаси самарқандлик

Самарқандда турли миллат вакиллари миллати, динидан қатъи назар оға инидек, иноқ бўлиб яшаб келмоқдалар. Ҳатто бошқа миллат вакиллари бир бири билан қуда-анда бўлишган. Уларнинг фарзандлари шу ватанда туғилиб вояга етмоқдалар. Улар учун Ўзбекистон ватан, киндик қони тукилган жой бўлиб қолди. Айни пайтла вилоятимизда татар, араб, туркман, арман каби миллатларни ўзида жам айлаган 11 та миллий маданий марказлар фаолият олиб бормоқдалар. Ҳар бир миллат бошқаларга ўхшамаган удумлари, ўзига хос яшаш тарзи билан гўзал. Вилоятимизда истиқомат қилаётган миллатлар орасидаги тенг ҳуқуқлилик, ҳар бир миллатнинг урф-одатлари, миллий қадриятлари, маданияти, анъаналарига, тили ва удумларига ҳурмат билан қараш тамойиллари қонун йўли билан кафолатланган.
Кўпкаридан совринсиз қайтишмайди
Самарқанд шаҳар ва унинг атрофидаги маҳаллаларда хусусан, Самарқанд туманидаги Бўзи, Чоршанба, Навбоғчиён ва Хишрав қишлоқларда яшаётган араблар тожик тили ва тожик расму-русумлари билан яшаб келмоқда. Самарқанд вилояти Пастдарғом туманининг Чархин, Қўчқор, Тўраев, Чимбойобод, Мирзо Дангалов, Ўзбекистон, Хончарвоқ, Жума шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларда яшаётган араблар ўзбек тилида гапирадилар. Хусусан, Самарқанд вилояти Иштихон, Нуробод тумани, Каттақўрғон шаҳри ва тумани қишлоқларида ҳам кўп араблар маҳаллий қишлоқлар билан ўзбек тилида гапириб тинч-тотув яшаб келмоқда. Самарқанд вилоятида 20 мингдан зиёд араб миллати истиқомат қилишади. Араб овқатлари нафақат байрамларда, кундалик хаётда ҳам пиширилади. Масалан, миллий таомлардан бири талбина - арпа унидан ва туя сутидан тайёрланади, асал, сариёғ солиб эрталаб тановул қилинади.
Капса - сабзи, бақлажон, картошка, пиёз, кўкат, қовоқ, гўшт, зираворлар солиб пиширилади.
Биряни-бу овқат ошга ўхшаб кетади. Қўй гўшти, гуруч, сабзи пиёз, булғор қалампири, зираворлар солиб пиширилади. Бу овқат ёзда буғлаб пиширилади. Қишда эса қовурилиб тайёрланади..
- Араб миллий байрамлари Қурбон Ҳайит ва Рамазон Ҳайит. Бундан ташқари Ўзбекистон даги барча байрамларни биз ҳам кенг нишонлаймиз, дейди. Акмалжон Мухторов, Араб миллий маданий маркази раис уринбосари.Бизни миллат вакиллари барча соҳаларда фаолият кўрсатмоқда. Улардан моҳир полвонлар ҳам талайгина. Агар кўпкарига боришса совринсиз қайтишмайди. Чўпончилик ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган касб. Кейинги йиллар кўп ўзгаришлар бўлди. Илм олишга, тилимизни ўрганишга имкон берилмоқда. Ҳатто араб тили курслари очилди.
Хашни фақат эркаклар тановул қилади
- Арман миллатининг миллий байрамларидан бири Вардавар - июль ойида бўлиб ўтади. Бундан ташқари 13 февраль, ҳосил байрами бор, - дейди марказ раиси Армен Дер Аванесянц. - Нафақат ўзимизнинг миллий байрамлар, балки юртимиздаги барча байрамларни оила даврасида кўтаринки кайфиятда, кенг нишонлаймиз. Миллий овқатларимиздан " Жингалак" арманча нон. Долма, хорават кабилардир. Хаш деган таомни фақат эркаклар тановул қилишади. Тўйларимизни бир ажойиб одати бор, келин-куёв ресторанга кириб келишида остонада иккита ликобча қўйшади, ким биринчи ликобчани босиб синдирса, ўша оилада устун бўлади дейишади. Кучари, Шалахо каби миллий рақслар тўй-ҳашамларда ижро этилади. Дудук миллий чолғу асбобимиз.
Самарқандда яшаётган кўплаб миллат вакиллари билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг аксарияти ўзбек тилида ҳам раволн сўзлашишига гувоҳ бўлдик. Ўзаро ҳурмат, тотувликда яшаб келаётган юзга яқин миллат ва элатларнинг урф-одатлари, анъаналари ҳам сақланиб қолинаётир. Ушбу миллат вакиллари вилоятдаги 11 та маданий марказлар остида бирлашиб, ўз байрам ва маросимларини нишонлайди. Самарқандда яқинда ташкил этилиб, барча шарт-шароитлар эга бўлган «Дўстлик уйи» эса чин маънода уларни бирлаштириб, ҳар бир миллатнинг қадриятларини авлоддан-авлодга етказувчи кўприк вазифасини ўтамоқда.
Муниса ШАМСИЕВА.