Т.Норбоева: қонун ваколат, давлат минбар бериб қўйибди, қани жонкуярлик, қани фаоллик?
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси бошланди. Мажлисни Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб бормоқда.
Сенат Раиси мажлис бошланишида жойлардаги депутат ва сенаторларнинг фаолияти юзасидан муносабат билдирди.
– Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳозирги кунда олдимизда турган энг муҳим вазифалардан. Бироқ бу масалага ҳамма ҳам масъулият билан ёндашмаяпти. Президентимизнинг яқинда Фарғона ва Наманган вилоятларига ташрифлари давомида ҳудудларда тўпланиб қолган муаммоларни, маҳаллалардаги ҳолатни ҳаммамиз кўрдик. Аҳоли ўз норозилигини яширмаяпти. Ташрифлар давомида марказий ва ҳудудий ижро органлар фаолиятига тегишли баҳо ҳам берилмоқда. Муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ вазифалар ҳам белгиланиб, ҳокимлар ўша жойларга кўчиб ўтиб муаммоларни ҳал этяпти.
Лекин савол туғилади. Ҳудудлардаги бундай муаммоларни наҳотки жойлардаги халқ вакиллари – депутатлар, сенаторлар кўрмаган. Ахир улар ҳам шу ҳудудда яшайдику. Одамлар уларга ишонч билдириб қўйганку. Қонун ваколат, давлат минбар бериб қўйибди. Қани жонкуярлик, қани фаоллик. Токи ҳудудлардаги муаммолар ҳал этилмас экан, одамларнинг норозилиги кўпайиб бораверади.
Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлиси давом этмоқда.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА